Ўзбекистонда коллекторлик хизматига рухсат берилиши мумкин

Ўзбекистонда коллекторлик хизматига рухсат берилиши мумкин

Марказий банк норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига "Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида" ги президент фармони лойиҳасини жойлаштирди.

Лойиҳага кўра, Марказий банк 3 ой муддатда муддати ўтган қарздорликларнинг учинчи шахслар томонидан ундирилишини (коллекторлик фаолиятини) тартибга солиш бўйича илғор хориж амалиётини ўрганиб, уни республикада жорий этиш юзасидан Президенти Администрациясига таклиф киритади.

Шунингдек, фармон лойиҳасида гаров билан таъминланган кредиторларнинг гаров мулкига нисбатан ҳуқуқи бошқа барча талаблардан, шу жумладан бюджет ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, ижтимоий суғурта тўловлари бўйича талаблардан устувор ҳисобланиши кўзда тутилган.

Тўловга қобилиятсизлик таомили жараёнида кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини гаров қийматидан қаноатлантиришда уларга мутлақ устунлик берилади.

Гаров нарсаси ҳисобланган мол-мулк гаровга қўювчидан жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун олиб қўйилса, гаровга олувчида ўз талабларини ушбу мол-мулк ҳисобидан устувор тарзда қаноатлантириш ҳуқуқи сақлаб қолинади.

Ундирув қаратилган гаровга қўйилган мол-мулкнинг очиқ кимошди савдосида сотилишини гаровга қўювчининг илтимосига асосан кечиктирилишига йўл қўйилмайди.

Қарздорнинг ихтиёрий тугатиш жараёнининг бошланиши давлат ижрочиси томонидан ижро иши юритилишининг тўхтатилиши ҳамда мол-мулкни тасарруф қилишга доир чекловларни олиб ташланишига асос бўлмайди.

Тўловга қобилиятсизлик таомили жараёнида қарздорнинг мажбуриятлари бўйича гаровга қўйилган учинчи шахсларга тегишли бўлган мол-мулклар мазкур гаров билан таъминланган талабни қаноатлантириш учун тугатиш бошқарувчиси томонидан аукционга чиқарилади. Бунда, мулкни сотишдан тушган тушумнинг мажбурият қоплангандан кейинги ортган қисми гаровга қўювчига қайтарилади ва гаровга қўювчига гаров ҳисобидан сўндирилган мажбурият суммасига тенг бўлган талаб билан кредиторлар реестрига кириш ҳуқуқи берилади.

Гаровга қўйилган мол-мулкни такрорий аукционда сотиш мумкин бўлган энг паст нарх аукцион объекти баҳоланган қийматининг 50 фоизи миқдорида- (ҳозирда 90%) белгиланади. Бунда, ҳар бир аукцион қадами ўртасидаги фарқ ўн дақиқани ташкил этади. Агар мол-мулк такрорий аукционда реализация қилинмаса, ундирувчига ушбу мол-мулкни аукционда сотиш мумкин бўлган энг паст нархга тенг суммада ўзида қолдириш таклиф қилинади.

Фармон лойиҳаси 4 декабрга қадар жамоатчилик муҳокамасида бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк раисининг собиқ биринчи ўринбосари Ботир Захидов Ўзбекистонда коллекторлик хизматига ҳозирча эҳтиёж йўқ эканлигини маълум қилганди.


×