Фото: Bankers.uz
Венгриянинг \"OTP Bank\"и Ўзбекистоннинг йирик банкларидан бири — Ипотека-банкни сотиб олиш бўйича музокараларни қайта бошлаган. Бу ҳақда банкнинг молиявий директори Ласло Бенчик инвесторлар билан суҳбат чоғида айтиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, октябрь ойида Ўзбекистон билан ўзаро англашув меморандуми имзоланган.
“Биз [сотиб олиш] жараёнини қайта бошладик ва навбатдаги экспертиза (ҳар томонлама ҳуқуқий баҳолаш – таҳр.) ўтказмоқдамиз. Ва бизнинг фикримизча, келишув амалга ошиши учун яхши имконият бор. Биз ҳақиқатан ҳам мамлакатга жуда катта қизиқиш билдирмоқдамиз. Хусусан, \"Ипотека-банк\"га келсак, бу жуда ва жуда жозибадор инвестиция имконияти, деб ҳисоблаймиз”, деган Л.Бенчик.
Ласло Бенчик Украинадаги уруш туфайли баҳорда келишувни тўхтатганидан сўнг, Ўзбекистоннинг сармоя учун жозибадорлиги ортганини таъкидлаган. Венгрия банки молия директори инвесторларнинг саволларига жавоб берар экан, Ўзбекистондаги умумий иқтисодий вазият яхшилангани, кўчмас мулк нархларининг ўсиши, шунингдек, “банкнинг ўзи қиймат таклифи сезиларли даражада яхшиланганини” қайд этган.
“Улар жуда замонавий мобил банкинг ечимини ўйлаб топишди, менимча, хизмат кўрсатиш даражаси бўйича Европадаги энг яхши банклар билан рақобатлаша олишади. Ва бу фақат охирги саккиз ой ичида. Ўйлайманки, геосиёсий нуқтаи назардан Ўзбекистон бу можарода ўзини жуда оқилона позицияда тутмоқда. Ҳар ҳолда, улар геосиёсий жиҳатдан жозибадор, деб ўйлайман – мамлакат жозибадорлиги ошиб, иқтисодни ўзига хос бозор муҳитига ўтказиш борасидаги саъй-ҳаракатларини кучайтирди. Улар ваъдасини бажаришади, шекилли”, - деган у.
OTP Bank вакили битимни ёпиш вақти ҳақида сўралганда: \"Агар бу бизга боғлиқ бўлса, қанчалик тезроқ бўлса, шунча яхши\", деб жавоб берган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил сентябрида Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров Ипотека-банкнинг 75 фоиз улушини Венгрия OTP Bankга сотишини эълон қилган ва битимни икки ой ичида якунлаш режалаштирилган эди.
Жорий йил апрель ойида OTP Bank Ўзбекистондан банкка қизиқиш давом этаётганини қайд этиб, битимни икки-уч ойга кечиктиришни сўраган, кейинчалик эса, Ласло Бенчик \"битим амалга ошмаслиги мумкинлиги\" ҳақида айтганди.