Венгриянинг OTP-Bank'и Ўзбекистон тарафга Ипотека-банкни сотиб олиш бўйича битимни 2-3 ойга кечиктириш илтимоси билан мурожаат қилди. Бу ҳақда Bloomberg Law хабар бермоқда.
Фото: hungarytoday.hu
OTP-Group ижрочи директори Шандор Чанининг Bloomberg'га маълум қилишича, Венгрия банкининг Ипотека банкнинг акциялари пакетининг 75 фоизини сотиб олиш борасидаги қарори қатъий бўлган ва томонлар деярли келишувга эришишган. Бироқ, 24 февралда Россия-Украина уруши натижасида банк гуруҳи режалари ва прогнозлари ноаниқлашган. Шунинг учун OTP Group вазият барқарорлашгунга қадар битимни кечиктиришни сўраган.
OTP-Group ижрочи директори Шандор Чани / Фото:OTP Bank
Таъкидланишича, сўнгги ҳафталарда OTP-Group компанияларининг акциялари нархи 30 фоизга тушиб кетган, шунинг учун энди венгерлар инвестиция киритишни ўйламаяпти.
Эслатиб ўтамиз, Венгриянинг OTP Bank’и "Ипотека-банк"ни хусусийлаштиришда иштирок этиши 2021 йилнинг кузида бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров томонидан маълум қилинган эди. Банкни хусусийлаштириш жараёнлари 2022 йил бошига қадар амалга ошиши айтилганди.
14 сентябрь куни Ипотека-банкнинг хусусийлаштирилиши борасида Президент қарори ҳам қабул қилинган эди. ПҚ-5244 сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ипотека-банк" акциядорлик тижорат ипотека банкини хусусийлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра, Молия вазирлигининг Ипотека-банк устав капиталадиган давлат акция пакетлари, шунингдек давлат улуши мавжуд хўжалик жамиятларига тегишли барча акция пакетлари Молия вазирлигига ўтказилган ҳолда, "OTP-Group"га тўлиқ сотилиши белгиланган. Қарор ижроси юзасидан 12 октябрь куни Ўзбекистоннинг суверен жамғармаси — Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тегишли бўлган "Ипотека-банк"нинг 80% акциялари Молия вазирлигига ўтказилган. 1 апрель ҳолатига кўра, Ипотека-банкнинг 96,90 фоиз акциялари Молия вазирлигига тегишли.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистондаги давлат банклари бошқарув раислари қайси вакцина билан эмландилар?
Трастбанк Кореянинг Kyongnam Bank'и билан ўзаро англашув Меморандуми имзолади
Тошкентда иккинчи халқаро ПЛАС-форуми бўлиб ўтади