Фото: ПЛАС
АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг "МИР" тўлов тизими билан ишлайдиган банкларга огоҳлантириш билан чиққан. Хусусан бу каби "босим"га даставвал турк банклари учраган. Бу ҳақда кеча Financial Times журнали хабар берди.
Хабарга кўра, Украинага бошланган урушдан сўнг, Россияга нисбатан амалга оширилган иқтисодий санкциялар кутилган иқтисодий зарба бера олмагани сабабли, ғарб давлатлари янги таъқиқлар орқали эмас, аксинча бор чекловларни кучайтириш орқали босимларни кучайтириши мумкин.
АҚШ ва ЕИ Туркиянинг (ва бошқа шу каби давлатларнинг) банк сектори - ноқонуний молиялаштириш учун потенциал йўл эканидан хавфсираган ҳолда, Visa ва Mastercard'нинг муқобил варианти бўлган Россиянинг "МИР" тўлов-тизимига интеграция қилинган банкларга "таҳдид" оҳангида огоҳлантириш берган.
Ғарб расмийларига кўра, Туркиядан кейин Европа Иттифоқи ва АҚШ Кавказ, Марказий Осиё ва Форс кўрфази давлатлари билан иш олиб бориш ниятида. АҚШ Давлат департаментининг санкциялар бўйича координатори Жеймс О'Брайан Россия билан ўзаро алоқада бўлган барча давлатларни кузатиб боришга ваъда берган.
Ҳозирда "МИР" тўлов-карталарига Туркиянинг бешта йирик банклари хизмат кўрсатади: Vakıfbank, Ziraat Bank, Iş Bank, DenizBank ва Halkbank, аммо 15 сентябрдан бошлаб уларга тўлов учун қабул қилмаслик тавсия қилинганлиги айтилган.
"МИР" вакилининг "РБК"га маълум қилишича, Туркияда ушбу карталардан фойдаланиш бўйича муаммо йўқ, фақат айрим турк банклари Россиядаги санкцияга тушган банклар томонидан эмиссия қилинган "МИР" карталарини қабул қилишдан бош тортишмоқда.
Ҳозирда "МИР" тўлов тизими билан Туркия, Вьетнам, Жанубий Корея, Арманистон, Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон банклари ҳамкорлик қилади. Тўлов тизими вакиллари ўз карталарини Хитой ва Миср давлатларида ҳам қабул қилиниши борасида иш олиб боришаётганини маълум қилишган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил март ойида VISA ва Mastercard Россиядаги фаолиятини тўхтатган эди.
Тасодифий хабарлар
Янги намунадаги 50 минг сўмлик банкнот дизайнида техник хатолик борлиги маълум қилинди
БАА банклари Россия компаниялари ва фуқароларининг ҳисобрақамларини ёпишни бошлади
1 сентябрь ҳолатига Халқ банкидан эмиссия қилинган карталар сони қарийб 1,5 млнга етди