«Open bank» АЖ кузатув кенгашининг тегишли қарори билан Даврон Тўлқин ўғли Каримжонов мазкур банк бошқаруви раиси ўринбосари этиб тайинланди. Тегишли муҳим факт Корпоратив ахборот ягона порталига жойлаштирилган. Д.Каримжонов номзоди белгиланган тартибда Марказий банк билан келишилган.
Ўзгаришдан кейинги таркибга кўра, банк бошқарувида учта раис ўринбосари бор: Илҳом Эгамов, Музроб Мамараимов ва Даврон Каримжонов. Банкка бошқарув раиси Азамат Тўраев раҳбарлик қилади.
Д.Каримжонов 1989 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2011 йилда Тошкент молия институтини бакалавр, 2013 йилда магистр даражаси билан тамомлаган. LinkedIn маълумотларига кўра, Даврон Каримжонов 2017 йилда Япония халқаро университетида (IUJ) давлат сиёсати бўйича дастурда ўқиган, 2017–2018 йилларда Токиодаги Сиёсий тадқиқотлар миллий институтида (GRIPS) макроиқтисодий сиёсат бўйича магистр даражасини олган.
Меҳнат фаолиятини 2010 йилда Тошкент шаҳар Учтепа тумани ҳокимлиги молия бўлимида ҳисобчи сифатида бошлаган. 2014–2017 йилларда Молия вазирлигида биринчи тоифали иқтисодчидан бош иқтисодчигача бўлган лавозимларда, 2018–2022 йилларда Ҳисоб палатасида инспектор, етакчи инспектор ва бош инспектор бўлиб ишлаган. 2023 йил январидан 2026 йил январигача Агробанкда департамент директори лавозимида ишлаган. 2026 йил октябридан Open bank бошқаруви раиси ўринбосари вазифасини бажариб келган.
Эслатиб ўтамиз, 23 октябрда Марказий банк Open bank'га Ўзбекистонда исломий банк фаолияти учун илк лицензияни берган эди.
