Жорий йилнинг 26 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевга "Ўзмиллийбанк" АЖ томонидан амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан ахборот берилди. Тақдимотда банк бошқаруви раиси Алишер Мирсоатов иштирок этди.
Қайд этишилича, банк шу йилда мижозларга жами 38,5 триллион сўм кредит ажратишни режалаштирган. Шундан 28,2 триллион сўми юридик шахсларга, 10,3 триллион сўми жисмоний шахсларга тўғри келади. Маълум қилинишича, ўтган даврда саноат ва инфратузилма каби асосий тармоқлардаги 2 мингта лойиҳага 15 триллион сўм кредит йўналтирилган. Қурилиш соҳасидаги 235 та лойиҳани молиялаштириш учун эса 1,7 триллион сўм ажратилган.

Фото: president.uz
Хабарда ёшлар ва таълим муассасалари битирувчиларини тадбиркорликка жалб қилиш йўналиши алоҳида қайд этилган. Жорий йилда банк молиялаштирган лойиҳалар орқали 306 минг нафар битирувчининг бандлиги таъминланган. Ёшлар ва битирувчиларнинг бизнес лойиҳаларига ажратиладиган кредитлар ҳажмини 618 миллиард сўмга етказиш ва бу орқали қарийб 10 минг нафар ёшни иш билан таъминлаш режалаштирилган.
Шунингдек, банкка бириктирилган 1 188 та маҳаллада аҳолини тадбиркорликка жалб қилишга қаратилган 13 мингта микролойиҳа шакллантирилган. Уларни амалга ошириш учун 2,8 триллион сўм кредит йўналтириш ва 178 минг нафар аҳолининг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.
.jpg)
Фото: president.uz
Банкнинг 2027 йилга мўлжалланган асосий вазифалари ҳам кўриб чиқилган. Кейинги йилда ажратиладиган кредитлар ҳажмини 43 триллион сўмга (жорий йил режасидан 11,7 фоиз кўп - таҳр.) етказиш, шундан 18 триллион сўмини иқтисодиётнинг реал секторига, 5 триллион сўмини инфратузилма лойиҳаларига йўналтириш режалаштирилмоқда. Давлат раҳбари банк ресурсларини, аввало, юқори қўшилган қиймат яратувчи ва экспорт салоҳиятини оширувчи лойиҳаларга, аҳолининг тадбиркорлик фаоллигини рағбатлантириш ва барқарор иш ўринлари яратишга йўналтириш муҳимлигини таъкидлади. Банк раҳбариятига кредит маблағларининг иқтисодий самарадорлигини ошириш ва маҳаллаларда аҳоли даромадларини кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Марказий банк маълумотларига кўра, 1 ноябрь ҳолатига Ўзмиллийбанкнинг кредит портфели 106,7 триллион сўмни ташкил этган — бу банк тизимидаги энг юқори кўрсаткич. Bankers.uz ҳисоб-китобларига кўра, йил бошидаги 105,4 триллион сўмга нисбатан портфель 1,3 триллион сўмга (+1,2%) ортган. Бунда юридик шахсларга берилган кредитлар қолдиғи 1,3 триллион сўмга (-1,6%) камайиб, 81,8 триллион сўмни, жисмоний шахсларга кредитлар эса 2,6 триллион сўмга (+11,5%) ортиб, 24,9 триллион сўмни ташкил этган. Эътиборли жиҳати, 1 октябрь ҳолатига банк портфели йил бошидагидан 1,3 триллион сўмга кам бўлган. Ўсиш октябрь ойида юридик шахсларга кредитлар 2,2 триллион сўмга кўпайгани ҳисобига кузатилган.
Айни даврда банк тизимининг умумий кредит портфели 11,3 фоизга ўсгани сабабли Ўзмиллийбанкнинг улуши 17,4 фоиздан 15,9 фоизга тушган. Иккинчи ўриндаги Агробанк портфели эса йил бошидан 18,8 фоизга ўсиб, 96,4 триллион сўмга етган. Банкнинг депозит базаси 10 ойда 17,6 фоизга кўпайиб, 59,3 триллион сўмни ташкил этган.
Маълумот учун, юқоридаги режа кўрсаткичлари йил давомида ажратиладиган кредитлар ҳажмини, кредит портфели эса маълум санадаги қарз қолдиғини ифодалайди.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилнинг 9 ойида Ўзмиллийбанк 1,55 трлн сўм соф фойда билан Ипотека-банкдан кейин иккинчи ўринни эгаллаган. 2025 йилнинг шу даврида эса банк 1 трлн 449,7 млрд сўм соф фойда билан тизимда етакчилик қилган эди.
.jpg)