OSON финтех-холдинги ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети (ТДИУ) стартап-лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш ва тижоратлаштириш соҳасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. Ҳужжатни имзолаш маросими «Global Entrepreneurship Week 2026» тадбирлари доирасида бўлиб ўтди.
Ҳужжатга Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Қўнғиротбой Шарипов ва OSON финтех-холдинги асосчиси Фарҳод Маҳмудов имзо чекди. Ушбу шериклик академик таълим, илм-фан ва реал технологик бизнесни интеграция қилишга қаратилган.

Фото: OSON
Келишув доирасида томонлар университетнинг ёш тадбиркорлари — талабалар, магистрантлар, докторантлар ва ёш олимларни қўллаб-қувватлашнинг комплекс тизимини ишга туширишга келишиб олдилар:
Инкубация ва акселерация: истиқболли ғояларни саралаш ҳамда уларни концепция босқичидан тортиб, ишлайдиган прототип (MVP) яратиш, барқарор бизнес-модель тузиш ва бозорга чиқишгача бўлган жараёнларда кузатиб бориш.
Менторлик ва экспертиза: молиявий технологиялар, рақамли тўловлар ва сунъий интеллект (AI) соҳасидаги OSON амалиётчи мутахассисларини лойиҳаларни баҳолаш, хакатонлар, демо-кунлар ва маҳорат дарсларини ўтказишга жалб этиш.
Амалий фан ва кадрлар: холдинг бўлинмаларида талабалар ва ўқитувчиларнинг амалиёт ўташини ташкил этиш, диплом ва магистрлик ишлари мавзуларини индустриянинг реал вазифаларига устувор тарзда мослаштириш, шунингдек, энг яхши жамоалар учун грантлар ва инвестициялар жалб қилишга кўмаклашиш.
«Бугунги кунда сунъий интеллект ва замонавий технологиялар географик тўсиқларни йўққа чиқарди — Тошкентдаги кучли жамоа биринчи кунданоқ глобал даражадаги маҳсулотларни яратишга қодир. Универститет деворлари ортида биз улкан интеллектуал салоҳиятни кўряпмиз. Бизнес сифатида бизнинг вазифамиз — талабалар ва ёш олимларга шунчаки назарияни эмас, балки реал воситалар, менторлик кўмаги ҳамда университет аудиториясидаги ғоядан халқаро бозорларда харидоргир бўлган ишлайдиган финтех-маҳсулотгача тўғридан-тўғри кўприкни тақдим этишдир», — дея таъкидлади OSON финтех-холдинги асосчиси Фарҳод Маҳмудов.
Универститет ректора К.Шарипов минтақанинг етакчи финтех-иштирокчиларидан бири билан ҳамкорлик талабалар ва тадқиқотчилар учун янги амалий имкониятларни очишини айтди.
«Университетнинг илмий ва таҳлилий базасини OSON’нинг бизнес-экспертизаси билан бирлаштириш истиқболли талабалар ишланмаларини тўлақонли технологик стартапларга айлантириш ҳамда замонавий рақамли иқтисодиёт талабларига тўлиқ жавоб берадиган кадрларни тайёрлаш имконини беради», — деди ТДИУ ректори Қўнғиротбой Шарипов.
Эслатиб ўтамиз, яқинда OSON «Астана» молия марказида рақамли активлар бўйича лицензия олгани ҳақида хабар берган эдик.
