OSON финтех гуруҳи халқаро регулятив майдонини кенгайтирмоқда. 2026 йил 9 ноябрда Астана молиявий хизматлар органи (AFSA) компанияга «Астана» халқаро молия маркази FinTech Lab доирасида ишлаш учун AFSA-A-LA-2026-0033 рақамли расмий лицензия берди.
Олинган лицензия OSON'га рақамли активлар билан операцияларни (Providing Money Services in relation to Digital Assets) қонуний равишда амалга ошириш, шунингдек, принципал ва агент сифатида инвестиция фаолиятини юритиш имконини беради. Бу қарор гуруҳнинг Қозоғистондаги мавқеини мустаҳкамлайди ва OSON Holding'нинг халқаро институционал лицензиялари портфелини тўлдиради.
Аввалроқ, 2026 йил июлида OSON гуруҳга кирувчи OsonX Ltd. учун AFSA'дан дастлабки розилик (In-Principle Approval) олган эди. Ўшанда компания тўлиқ лицензияни олиш учун регулятор талабларини бажариш ва ички жараёнларни созлашга эътибор қаратганини маълум қилган эди.
Ягона минтақавий ҳисоб-китоб коридори
Дубай (DIFC) ва Қозоғистондаги (AIFC) лицензия инфратузилмасини ҳамда Ўзбекистондаги чуқур технологик тажрибани бирлаштирган ҳолда OSON Марказий Осиё ва Яқин Шарқ ўртасидаги операциялар учун узлуксиз ҳисоб-китоб экотизимини шакллантирмоқда:
- Хавфсизлик ва регулятив мувофиқлик. Компаниянинг AIFC'даги фаолияти инглиз умумий ҳуқуқи доирасида, AFSA'нинг қатъий назорати остида юритилади. Бу мижозлар ва институционал инвесторлар манфаатлари ҳимоясини кафолатлайди.
- Замонавий тўлов технологиялари. Платформа анъанавий ҳисоб-китобларни рақамли молиявий инструментларга асосланган илғор ечимлар билан бирлаштириб, минтақа тадбиркорлари учун тўловларни тезлаштиради.
- Юқори даражадаги автоматлаштириш. Операцияларни бошқариш ва дастлабки комплаенс-скоринг гуруҳнинг R&D лабораторияси ишлаб чиққан сунъий интеллект алгоритмлари ёрдамида амалга оширилади.
Дубайдаги йўналиш Oson DIFC Limited компанияси орқали ривожлантирилмоқда. Дубай молиявий хизматлар органи (DFSA) унга 2026 йил 23 мартда лицензия берган. Ноябрь бошида холдинг Dubai FinTech Summit'да БААда яшаб, ишлаётган Марказий Осиё фуқаролари учун мўлжалланган OSON X молиявий платформасини тақдим этди. Платформа ўтказмалар, тўловлар ва картани бирлаштиради.
«Биз учун МФЦА орқали Қозоғистонда кенгайиш — табиий қадам. Биз Ўзбекистон, Қозоғистон ва БАА бизнесини ягона ҳуқуқий ва технологик майдонда боғловчи ишончли молиявий кўприклар қураяпмиз. AFSA лицензияси тизимларимизнинг комплаенс ва ишончлилик бўйича энг юқори стандартларга жавоб беришини тасдиқлайди», — дейди OSON Holding асосчиси ва бош директори Фарҳод Маҳмудов.
OSON Holding — 2016 йилда Ўзбекистонда ташкил этилган, бош офиси Тошкентда жойлашган финтех гуруҳи. Гуруҳ Марказий Осиёда 3 миллиондан ортиқ мижозга хизмат кўрсатади, тўлов инфратузилмаси, трансчегаравий молиявий сервислар ва B2B-ечимларни ривожлантиради.
