Ипотека субсидияларига аризалар қабули 25 ноябрда бошланади

24.11.2026 05:09

145

Ипотека кредитлари бўйича субсидияларга аризалар қабули 2026 йил 25 ноябрь куни соат 10:00 да бошланади. Субсидия олиш учун ариза берувчи ижтимоий мезонлар бўйича камида 30 балл тўплаши, унинг кредит тарихи эса дастурда иштирок этувчи 15 та тижорат банкидан камида биттасининг ички талабларига мос бўлиши лозим.

Фото: Domtut

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, янги қабул ипотека кредитлари бўйича субсидиялар тўлашнинг мақсадли кўрсаткичлари доирасида илгари тақдим этилган хабарномаларнинг амал қилиш муддатида фойдаланилмаган қисми ҳисобидан ташкил этилмоқда. Бошқача айтганда, аввал субсидия хабарномасини олиб, белгиланган муддатда ундан фойдаланмаган фуқароларнинг ўрни бўшаган ва бу маблағлар энди янги ариза берувчиларга йўналтирилади.

Субсидия олиш учун ариза берувчи қуйидаги шартларга бир вақтда жавоб бериши керак:

  • ижтимоий мезонлар асосида баҳолаш натижасига кўра 30 ва ундан юқори балл тўплаш;
  • ариза берувчи ва унинг турмуш ўртоғи номида республиканинг барча ҳудудларида мулк ҳуқуқи асосида турар жой бўлмаслиги;
  • ўртача ойлик даромад белгиланган ижтимоий мезонлар доирасида бўлиши;
  • кредит тарихи дастурда иштирок этувчи камида битта тижорат банкининг ички талабларига мос бўлиши.

Баллар қандай ҳисобланади

Вазирлик эълон қилган инфографикага кўра, ариза берувчилар тўрт бўлим бўйича баҳоланади.

Манба: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

I бўлим. Ўртача ойлик даромад

Даромад меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига (МҲТЭКМ) нисбатан баҳоланади, Тошкент шаҳри учун эса юқорироқ чегара белгиланган.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ўртача ойлик даромад МҲТЭКМнинг 2,7 бараварига тенг ёки ундан кўп, 7 бараварига тенг ёки ундан кам бўлса — 10 балл, 7 бараваридан кўп, 8 бараварига тенг ёки ундан кам бўлса — 5 балл берилади.

Тошкент шаҳрида даромад МҲТЭКМнинг 2,7 бараварига тенг ёки ундан кўп, 8 бараварига тенг ёки ундан кам бўлса — 10 балл, 8 бараваридан кўп, 9,2 бараварига тенг ёки ундан кам бўлса — 5 балл берилади.

2026 йил 1 сентябрдан МҲТЭКМ 1 360 000 сўм этиб белгиланган. Шунга кўра, ҳудудларда тахминан 3,67 млн сўмдан 9,52 млн сўмгача даромад 10 балл, 9,52 млн сўмдан 10,88 млн сўмгача даромад 5 балл беради. Тошкентда эса 3,67 млн сўмдан 10,88 млн сўмгача даромад учун 10 балл, 10,88 млн сўмдан 12,51 млн сўмгача даромад учун 5 балл берилади.

Демак, ўртача ойлик даромади 3,67 млн сўмдан кам ёки ҳудудларда 10,88 млн сўмдан, Тошкентда эса 12,51 млн сўмдан кўп бўлган фуқаролар бу бўлим бўйича балл ола олмайди.

II бўлим. Ҳозирги турар жой мақоми

Ариза берувчи ёки унинг турмуш ўртоғи номида республиканинг барча ҳудудларида мулк ҳуқуқи асосида турар жой мавжуд бўлмаса, 20 балл берилади.

III бўлим. Ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалар

Бу бўлимда энг юқори балл — 10 балл «Хорижда иш» тизимида рўйхатдан ўтган меҳнат мигрантларига берилади.

Манба: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

Қуйидаги тоифалар эса 5 баллдан олади:

  • олис ҳудудга келган олий маълумотли мутахассис, тиббиёт ходими ёки тегишли профессионал таълим ўқитувчиси;
  • ёшлар тоифасига мансуб, яъни 30 ёшдан ошмаган фуқаролар;
  • ажрашган, бева ёки ёлғиз оналар;
  • «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимининг «Тиббий-ижтимоий экспертиза» модулидан рўйхатдан ўтган шахслар.

Бу бўлим бўйича балл фақат битта мезон учун берилади. Масалан, 30 ёшгача бўлган меҳнат мигранти 15 эмас, 10 балл олади.

IV бўлим. Кредит тарихи

Кредит тарихи дастурда иштирок этувчи камида битта банкнинг ички қоидаларига мос бўлиши керак. Бу бўлим балл бермайди, лекин мажбурий шарт ҳисобланади.

Манба: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

Ким 30 баллга етади?

Инфографикадаги муҳим эслатмага кўра, I ёки II бўлим бўйича балл олинмаган тақдирда субсидия ажратилмайди. Яъни даромад мезонига мос келиш ва уй-жойнинг йўқлиги — мажбурий шарт.

Бундан амалда қуйидаги ҳолатлар келиб чиқади. Даромади 10 баллик оралиқда бўлган ва уй-жойи йўқ фуқаро 30 балл тўплайди ва III бўлимдаги тоифаларга кирмаса ҳам, ўтиш балига етади. Даромади юқорироқ, яъни 5 баллик оралиқда бўлган фуқаро эса 25 балл тўплайди ва 30 баллга етиши учун III бўлимдаги тоифалардан камида бирига мансуб бўлиши шарт. Тўпланиши мумкин бўлган энг юқори балл — 40.

Аризани қаерда топшириш мумкин

  • давлат хизматлари марказларига бевосита мурожаат қилиш орқали;
  • myGov мобил иловаси орқали;
  • my.gov.uz порталида — мазкур ҳавола орқали.

Ҳарбий тузилмалар ходимлари аризани бевосита давлат хизматлари марказига мурожаат қилган ҳолда топширишлари мумкин.

OneID орқали банкларга рухсат бериш шарт

Ариза топшириш (баҳолаш) даврида ариза берувчи OneID тизимидаги шахсга доир маълумотларни бошқариш панели орқали дастурда иштирок этувчи тижорат банкларига кредит тарихини баҳолаш мақсадида тегишли маълумотлардан фойдаланишга рухсат берган бўлиши лозим.

Шунингдек, кредит тарихини олишга вақтинча чеклов ўрнатилмаган бўлиши керак. Акс ҳолда, банклар ариза берувчининг кредит тарихини ўргана олмайди ва ариза рад этилади. Шу боис ариза топширишдан олдин OneID’даги рухсатлар ва чекловларни текшириб олиш тавсия этилади.

Дастурда иштирок этувчи банклар

Ариза берувчининг кредит тарихи қуйидаги тижорат банкларининг ички қоидаларига мувофиқлиги бўйича баҳоланади:

  1. «Агробанк» АТБ
  2. «Алоқабанк» АТБ
  3. «Асакабанк» АЖ
  4. «Asia Alliance Bank» АТБ
  5. «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ
  6. «Hamkorbank» АТБ
  7. «Ипак йўли» АИТБ
  8. «Ipoteka Bank» OTP Group
  9. «Микрокредитбанк» АТБ
  10. «Orient Finans» ХАТБ
  11. «Трастбанк» ХАБ
  12. «Туронбанк» АТБ
  13. «Халқ банки» АТБ
  14. «Ўзмиллийбанк» АЖ
  15. «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ

Субсидия нега керак?

Субсидиялар ипотека кредитини олишда бошланғич бадал ва фоиз тўловлари юкини сезиларли даражада камайтиради. 1 октябрь ҳолатига ипотека кредитлари бўйича жами 1,2 трлн сўмдан ортиқ субсидия тўланган бўлиб, уларнинг 407,8 млрд сўми 13 722 нафар фуқарога бошланғич бадал сифатида берилган. Янги қабул илгари фойдаланилмай қолган хабарномалар ҳисобидан очилаётгани сабабли ўринлар сони чекланган бўлиши мумкин. Шунинг учун субсидияга даъвогар фуқаролар учун ҳужжатлар ва OneID'даги рухсатларни олдиндан тайёрлаб қўйиш муҳим.

Аввалроқ 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида ипотека дастури доирасида 67,6 минг нафарга яқин фуқароларга жами 20,9 трлн сўм кредит ажратилгани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар:

#ипотека#субсидия#Молия_вазирлиги

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган