Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026 йилнинг 9 ойида ипотека дастури ижроси бўйича асосий кўрсаткичларни эълон қилди. Унга кўра, 1 октябрь ҳолатига дастур доирасида 67 598 нафар фуқарога жами 20,9 трлн сўмлик ипотека кредити ажратилган. Бу ҳар бир қарз олувчига ўртача тахминан 309 млн сўмдан кредит тўғри келишини англатади.
Ўтган йилнинг январь–сентябрь ойларида ажратилган ипотека кредитлари ҳажми тахминан 15 трлн сўмни ташкил этган эди. Жорий йилда бу кўрсаткич 5,9 трлн сўмга ёки 39 фоизга ошган.

Манба: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Йиллик дастурни тўлиқ бажариш учун октябрь–декабрь ойларида яна 2,1 трлн сўм кредит ажратилиши лозим. 9 ой давомида ойига ўртача 2,3 трлн сўмдан кредит ажратилганини ҳисобга олсак, жорий суръат сақланган тақдирда дастурнинг умумий ҳажми октябрь якунидаёқ тўлиқ ўзлаштирилиши мумкин.
Молиялаштириш манбалари: бюджет режадан ошди
Жорий йил учун 23 трлн сўмлик дастурни молиялаштириш учта манба ҳисобидан режалаштирилган: давлат бюджетидан 12,2 трлн сўм, тижорат банкларининг ўз маблағларидан 7,8 трлн сўм ҳамда «Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» АЖ маблағларидан 3 трлн сўм.
Амалда эса 9 ойда ажратилган кредитларнинг 12,8 трлн сўми (61 фоизи) давлат бюджети, 6,1 трлн сўми (29 фоизи) тижорат банклари ва 2 трлн сўми (10 фоизи) компания маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган.
Шундай қилиб, бюджет маблағлари бўйича йиллик режа 9 ойдаёқ 0,6 трлн сўмга ошириб бажарилган. Тижорат банклари маблағлари бўйича эса режани бажариш учун йил охиригача яна 1,7 трлн сўм, компания маблағлари бўйича 1 трлн сўм ажратилиши керак.
Натижада бюджетнинг ажратилган кредитлардаги улуши режадагидан юқори бўлди: дастурда унинг улуши қарийб 53 фоиз этиб белгиланган бўлса, амалда 61 фоизни ташкил этди. Банклар маблағларининг улуши эса режадаги 34 фоиз ўрнига 29 фоизни, компания маблағлариники 13 фоиз ўрнига 10 фоизни ташкил қилди.
Кредитларнинг асосий қисми — бирламчи бозорга
Ажратилган кредитларнинг 15,5 трлн сўми бирламчи уй-жой бозорига, яъни янги қурилган уйлардан хонадон сотиб олишга йўналтирилган. Бу жами кредитларнинг қарийб 74 фоизини ташкил этади. Бирламчи бозорда ажратилган кредитлар сони ўтган йилнинг мос давридаги 37 мингтадан 49,8 мингтага — 12,8 мингтага ёки 34,6 фоизга ошган.
Иккиламчи уй-жой бозорида эса 5,2 трлн сўм кредит ажратилган. Бу ўтган йилнинг 9 ойига нисбатан 28 фоиз кўп.
Субсидиялар: 1,2 трлн сўмдан ортиқ
1 октябрь ҳолатига ипотека кредитлари бўйича жами 1 трлн 208,1 млрд сўм субсидия тўланган.
Шундан 800,3 млрд сўми (66 фоизи) ипотека кредитлари бўйича фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга йўналтирилган. Қолган 407,8 млрд сўми (34 фоизи) эса 13 722 нафар фуқарога уй-жой сотиб олиш учун бошланғич бадал тўлови сифатида тўлаб берилган. Бу ҳар бир фуқарога ўртача қарийб 29,7 млн сўмдан тўғри келади.

Манба: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Бошланғич бадал бўйича субсидия олган фуқаролар сони 9 ойда ипотека кредити олган фуқаролар умумий сонининг қарийб бешдан бирига тенг.
