Марказий банкнинг пул агрегатлари бўйича эълон қилган статистикасига кўра, кенг маънодаги пул массаси (М2) 1 октябрдаги 461 трлн 861 млрд сўмдан 1 ноябрь ҳолатига 474 трлн 905 млрд сўмга етди — ойлик ўсиш 13 трлн 44 млрд сўм (+2,8%)ни ташкил қилди. Таққослаш учун, сентябрда ўсиш 24,1 трлн сўм (+5,5%) бўлган эди, яъни октябрда ўсиш суръати қарийб икки баробар пасайди.
Манба: Марказий банк
Кенг маънодаги пул массасига муомаладаги нақд пуллар, шунингдек бошқа молиявий ташкилотлар, давлат номолиявий ташкилотлари, хусусий сектор ва уй хўжаликларининг миллий ҳамда чет эл валютасидаги депозитлари киради.
Ўсиш асосан сўм ҳисобига бўлмоқда
Миллий валютадаги пул массаси бир ойда 11 трлн 318 млрд сўмга (+2,9%) кўпайиб, 400 трлн 465 млрд сўмга етди. Унинг М2 даги улуши 84,3 фоиз даражасида сақланиб қолди. Аниқлик учун: жами пул массаси 400 трлн сўмдан 1 июнь ҳолатига ошган эди — ҳозир гап фақат миллий валютадаги қисм ҳақида бормоқда.
Чет эл валютасидаги депозитлар кетма-кет иккинчи ой ўсиб, 1 трлн 726 млрд сўмга (+2,4%) кўпайди ва 74 трлн 441 млрд сўмни ташкил қилди. Бу депозитлар сўм эквивалентида ҳисобланади, шу боис уларнинг ҳажмига валюта курси ҳам таъсир кўрсатади.
Нақд пуллар энг тез ўсди
Муомаладаги нақд пуллар (М0) 2 трлн 514 млрд сўмга (+3,3%) ошиб, 79 трлн 812 млрд сўмга етди. Бу барча компонентлар ичида энг юқори ўсиш суръатидир.
Миллий валютадаги бошқа депозитлар — асосан муддатли ва жамғарма депозитлари — 7 трлн 13 млрд сўмга (+3,2%) кўпайиб, 224 трлн 119 млрд сўмга етди. Ўсиш суръати бўйича нақд пуллардан бироз ортда қолган бўлса-да, мутлақ ҳажмда энг катта ўсиш айнан шу компонентга тўғри келди: у М2 ойлик ўсишининг 54 фоизини таъминлади. Унинг пул массасидаги улуши 47,2 фоизга етди.
Тор маънодаги пул массаси (М1) 4 трлн 306 млрд сўмга (+2,5%) ошиб, 176 трлн 346 млрд сўмни ташкил қилди. Унинг таркибидаги талаб қилиб олингунча депозитлар 1 трлн 792 млрд сўмга (+1,9%) кўпайиб, 96 трлн 534 млрд сўмга етди. Октябрда энг секин ўсган компонент айнан шу бўлди.
Йиллик кўрсаткичлар
Кенг маънодаги пул массаси бир йил аввалги (2025 йил 1 ноябрь)даги кўрсаткич - 344 трлн 653 млрд сўмга нисбатан 130 трлн 253 млрд сўмга ёки 37,8 фоизга ўсди. Йил бошидан буён ўсиш 96 трлн 326 млрд сўмни (+25,4%) ташкил қилди.
Йиллик ҳисобда талаб қилиб олингунча депозитлар 50,2 фоизга, бошқа депозитлар 48,5 фоизга, чет эл валютасидаги депозитлар 19,4 фоизга, нақд пуллар эса 18,9 фоизга ошган.

Манба: Марказий банк
Иккита узоқ муддатли тенденция сақланмоқда. Биринчиси — нақд пуллар улушининг пасайиши: 2025 йил 1 ноябрда М0 пул массасининг 19,48 фоизини ташкил этган бўлса, ҳозир 16,81 фоизга тушган. Нақд пул ҳажми ошаётган бўлса-да, унинг ўсиши бошқа компонентлардан секинроқ. Шу билан бирга, октябрда нақд пуллар бошқа компонентлардан тезроқ ўсгани сабабли улуши бир ой олдинги 16,74 фоиздан бироз кўтарилди.
Иккинчиси — долларлашув даражасининг камайиши. Чет эл валютасидаги депозитларнинг М2 даги улуши бир йил аввалги 18,09 фоиздан 15,67 фоизга, йил бошидаги 18,37 фоиздан эса 2,7 банд пасайди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил якунида кенг маънодаги пул массаси 378,6 трлн сўмни ташкил қилган эди.

