S&P Капиталбанк рейтингини «BB» даражасига кўтарди

16.11.2026 20:01

104

S&P Global Ratings агентлиги Капиталбанкнинг узоқ муддатли кредит рейтингини «BB-»дан «BB»га оширди, прогноз — «Барқарор». Агентлик қарорни капиталлашувнинг мустаҳкамлангани, активлар сифати тизимдаги ўртача кўрсаткичдан яхшилиги ва Uzum гуруҳига тегишлилик билан изоҳлаган.

Фото: Капиталбанк

S&P Global Ratings халқаро рейтинг агентлиги 13 ноябрь куни «Капиталбанк» АТБ эмитентининг узоқ муддатли кредит рейтингини «BB-»дан «BB»гача оширди. Қисқа муддатли рейтинг «B» даражасида тасдиқланди, прогноз — «Барқарор».

Агентлик маълумотига кўра, банкнинг таваккалчилик ҳисобга олинган капитал коэффициенти (RAC) 2026 йил 9 ойлик якунлари бўйича 10,8 фоизга етган. S&P бу кўрсаткич 2027–2028 йилларда 11–13 фоизгача ошишини кутмоқда. Бунга кредитлаш суръатининг йилига 10 фоиздан пастгача секинлашиши ва фойданинг тўлиқ банкда қолдирилиши хизмат қилади. Агентлик прогнозида акциядорлардан қўшимча капитал киритилиши кўзда тутилмаган. Таққослаш учун, 2025 йил якунида RAC коэффициенти 9,4 фоизни ташкил этган эди.

Капиталбанк 2001 йилдан буён фаолият юритади ва 2022 йилдан Uzum гуруҳи таркибида. S&P баҳолашича, банк чакана депозитлар ҳажми бўйича ички бозорда биринчи, чакана кредитлар бўйича тўртинчи ўринда туради. Гуруҳ берган кредитларнинг қарийб 82 фоизи Капиталбанк ҳиссасига тўғри келади. 2026 йилнинг тўққиз ойида банк 93 миллион доллар соф фойда олган.

Хусусан, агентлик регулятор 2023–2024 йилларда жорий этган қатъийроқ талабларни алоҳида қайд этган. Улар автокредитлар, нақд пул кредитлари, карта кредитлари ва овердрафтлар улушини банк кредит портфелининг 25 фоизи билан чеклайди. 30 сентябрь ҳолатига автокредитларнинг портфелдаги улуши 48 фоизгача пасайган. 2025 йилдан банк асосан янги автомобилларга кредит бермоқда — уларга ишлатилган автомобиллар учун белгиланган 25 фоизлик чеклов татбиқ этилмайди. Келгуси икки йилда банк корпоратив ва кичик-ўрта бизнес (КЎБ) кредитларини 30 фоиздан кўпроқ ошириш ҳамда автокредитлар улушини регулятор белгилаган чегарагача камайтиришни режалаштирмоқда.

Шу билан бирга, S&P юқори даромадли автокредитлар улуши қисқариши ва маржаси пастроқ корпоратив кредитлар кўпайиши соф фоиз маржасига босим ўтказишини кутмоқда. Натижада 2026–2028 йилларда хусусий капитал рентабеллиги (ROE) 20 фоиздан пастроқ бўлиши мумкин. Бироқ шунда ҳам банк кўрсаткичи бошқа ўхшаш банкларникидан юқори бўлиб қолади.

Активлар сифати бўйича агентлик МҲХСнинг 3-босқичидаги кредитлар ва бошқа ундирилган гаров мулки улуши келгуси 24 ойда қарийб 5 фоиз атрофида бўлишини кутмоқда. S&P баҳолашича, тизим бўйича ўртача кўрсаткич 7,5–8,5 фоиз. 3-босқич кредитлари 51 фоизга заҳиралар билан қопланган. Агентлик давлат банкларидан фарқли равишда Капиталбанк директив кредитлашда иштирок этмаслигини ҳам ижобий баҳолаган.

S&P банкни Uzum гуруҳидан ажратилган шўъба компания сифатида кўради: банк рейтинги гуруҳнинг кредит қобилияти билан чекланмайди. Uzum гуруҳига тегишлилик эса рейтингга қиёсий таҳлил доирасида қўшимча бир поғона қўшади.

Агентлик яқин 12 ой ичида суверен рейтинг пасайтирилса ёки банкнинг ўз кредит қобилияти (SACP) баҳоси ёмонлашса, рейтингни пасайтириши мумкинлигини маълум қилди. Рейтингни яна ошириш эса яқин муддатда эҳтимолдан йироқ: бу биринчи навбатда Ўзбекистон суверен рейтинги прогнозининг қайта кўриб чиқилишига боғлиқ. Маълумот учун, S&P Ўзбекистон суверен рейтингини 2025 йил ноябрда «BB» даражасига кўтарган, прогноз — «Барқарор». Бошқача айтганда, Капиталбанк рейтинги энди мамлакат рейтинги билан бир даражада.

Эслатиб ўтамиз, S&P 2025 йил июлда Капиталбанк рейтингини «B+»дан «BB-»гача оширган, 2026 йил июлда эса прогнозни «Барқарор»дан «Ижобий»га ўзгартирган эди. Шу ойда Moody's ҳам суверен рейтинг ортидан банк депозитлари рейтингини B1'дан Ba3'гача кўтаргани ҳақида хабар қилган эдик.

Теглар:

#капиталбанк#S&P

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган