Фирибгарлик туфайли фуқароларга 278 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилди

16.11.2026 14:59

143

Марказий банк маълумотига кўра, ўтган 9 ой давомида «Cardblock» платформасида қайд этилган фирибгарлик ҳолатлари бўйича фуқароларга 278 млрд сўмдан ортиқ моддий зарар етказилган. Тезкор чоралар натижасида 113 млрд сўмдан ортиқ маблағ блокланган. Ҳолатлар сони бўйича мобил қурилмага зарарли дастур ўрнатиш биринчи ўринда турибди.

Фото: macmagazine.com

Марказий банк Ички ишлар вазирлигининг «Cardblock» платформасида рўйхатга олинган фирибгарлик ҳолатлари бўйича фуқаролар мурожаатларининг тезкор таҳлилини эълон қилди. Мурожаатлар Марказий банкнинг Ягона платформаси орқали таҳлил қилинмоқда. Унга кўра, 2026 йил 1 январдан 1 октябргача фуқароларга етказилган умумий моддий зарар 278,3 миллиард сўмни ташкил этган, тезкор чора-тадбирлар натижасида эса 113,1 миллиард сўм маблағ блокланган (зарарнинг тахминан 41 фоизи – таҳр.). Таҳлилда фирибгарликнинг тўққиз тури бўйича жами 39 827 та ҳолат кўрсатилган.

Ҳолатлар сони бўйича етакчи — фуқароларнинг мобил қурилмаларига зарарли файлларни юклаб олиши ва ўрнатиши билан боғлиқ фирибгарлик. Бундай ҳолатлар 18 830 та бўлиб (барча ҳолатларнинг қарийб 47 фоизи – таҳр.), етказилган зарар 79,3 миллиард сўмни ташкил этган. Зарар миқдори бўйича эса фирибгарлик тури номаълум бўлган мурожаатлар биринчи ўринда: банк карталари ва электрон ҳамёнлардан пул ечиб олинган, бироқ фуқаролар мурожаатида фирибгарлик тури кўрсатилмаган 11 475 та ҳолат бўйича зарар 98,1 миллиард сўмга етган.

Telegram аккаунтларининг фирибгарлар томонидан эгаллаб олиниши билан боғлиқ 2 808 та ҳолат қайд этилган, улар бўйича зарар 21,9 миллиард сўмни ташкил этган. Фирибгарларнинг телефон орқали берган кўрсатмаларини бажариш оқибатида эса 611 та ҳолат рўй берган, зарар 27,7 миллиард сўмга етган. Эътиборли жиҳати, қўнғироқ орқали алдаш ҳолатлари сони зарарли дастурларга нисбатан 30 баравар кам бўлса-да, бир ҳолатга ўртача 45 миллион сўмдан ортиқ зарар тўғри келади, зарарли дастурларда эса бу кўрсаткич қарийб 4,2 миллион сўм.

Интернет орқали маҳсулот ёки хизмат учун олдиндан тўлов қилинган, бироқ маҳсулот етказилмаган ёки хизмат кўрсатилмаган ҳолатлар бўйича 3 571 та мурожаат келиб тушган, зарар 10,5 миллиард сўмни ташкил этган. «Молиявий пирамида» аломатларига эга схемаларга пул киритиш билан боғлиқ 1 086 та ҳолат бўйича 14 миллиард сўм, сохта савдо платформалари ва трейдинг орқали даромад ваъда қилинган 1 044 та ҳолат бўйича 15,1 миллиард сўм зарар қайд этилган.

Фирибгарлар кредитни тўхтатиш баҳонасида фуқароларни алдаб, уларнинг номига онлайн кредит расмийлаштирган ҳолатлар 130 та бўлиб, зарар 10,6 миллиард сўмни ташкил этган. Бошқача айтганда, бу турда бир ҳолатга ўртача 81 миллион сўмдан ортиқ зарар тўғри келади — бу таҳлилдаги энг юқори кўрсаткич. Онлайн ўйинлар учун тўлов жараёнидаги фирибгарлик бўйича эса 272 та ҳолат ва 0,9 миллиард сўм зарар қайд этилган.

Регулятор маълумотига кўра, айрим фуқаролар картасидан маблағ ечилганини кўриб, пулни фирибгарлар ўғирлаган деган гумон билан ички ишлар органларига мурожаат қилган. Ўрганишлар натижасида бу ҳолатларда кредит қарздорлиги бўйича автоматик ундирув («автоундирув») амалга оширилгани аниқланган. Шу сабабли 2 737 та мурожаат қайд этилган, улар билан боғлиқ маблағлар 7,6 миллиард сўмни ташкил этган. Ҳозирда юқоридаги фирибгарлик ҳолатлари бўйича ички ишлар органлари томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Марказий банк фуқароларга мессенжерлар ва номаълум манбалардан APK файлларни юкламаслик, ўзини банк ходими ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакили деб таништирган шахсларга карта маълумотлари ва тасдиқлаш кодларини айтмаслик, Telegram'да икки босқичли ҳимояни ёқиш ҳамда фирибгарликка дуч келинса, зудлик билан банк ёки тўлов ташкилотига ва ички ишлар органларига мурожаат қилишни тавсия қилган.

Эслатиб ўтамиз, Президент 2026 йил 27 январь куни киберхавфсизлик бўйича ҳолатни танқид қилган эди. Ўшанда кибержиноятларнинг 98 фоизи банк карталари билан боғлиқлиги қайд этилган. ИИВ маълумотига кўра, 2025 йилнинг ўзида фуқароларнинг салкам 1,9 триллион сўм маблағи ўғирланган.

Теглар:

#кибержиноят#киберхавфсизлик#киберфирибгарлик

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган