Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида ҳоким ёрдамчисининг таъмагирлик эвагига кредит ажратиш билан боғлиқ яна бир жиноий ҳолат аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилмоқда.
Маълум қилинишича, Департаментнинг Бешариқ тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда туманнинг "Қўрғонча" МФЙ бўйича ҳоким ёрдамчиси фуқарога тижорат банкида ишловчи танишлари орқали 150 млн сўмлик кредит ажратиб бериши эвазига телефон олаётган пайтда ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Андижон ва Сирдарёда ҳоким ёрдамчилари имтиёзли кредитларни талон-торож қилгани ҳақида хабар берган эдик.
