Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Андижон ва Сирдарё вилоятларида ҳоким ёрдамчилари иштирокида имтиёзли кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди.
Хусусан, Андижон вилояти, Олтинкўл тумани, "Қайирма" МФЙ ҳоким ёрдамчиси "У.Т." ва "Қ.А." МЧЖ масъуллари билан тил бириктириб, фуқароларга иссиқхона фаолиятини кенгайтириш учун ажратилган кредитни ўзлаштирган.У кредит ажратилган ишларни қоғозда "бажарилган" деб кўрсатиш орқали 442,3 млн сўм банк маблағлари талон-торож қилган.
Шунингдек, Андижон шаҳар, "Форобий" МФЙ собиқ ҳоким ёрдамчиси ҳамда "L.A." МЧЖ раҳбари (А.К.) томонидан фуқароларга берилиши керак бўлган 163 млн сўмлик кредит маблағлари фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб олинган.
Яна бир ҳолатда Сирдарё вилояти, Мирзаобод тумани, "Тошкент" МФЙнинг собиқ ҳоким ёрдамчиси ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, маҳаллада яшовчи 8 нафар фуқаро номига ажратилган жами 248 млн сўмлик имтиёзли кредитни таъминотчи корхоналар орқали талон-торож қилган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
