Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси 2026 йил октябрь ойидаги фаолияти якунларини эълон қилди. Маълум қилинишича, қўмита ой давомида 6 марта йиғилиш ўтказган ва уларда жами 43 та масала бўйича қарор қабул қилинган.
Масалаларнинг 23 таси рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишига тўғри келади. Хусусан, 8 та ҳолатда кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришлар рўйхатдан ўтказилган, яна 8 та ҳолатда тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимлар лавозимига номзодлар кўриб чиқилган.
Шунингдек, микромолия ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш, аккредитация ва тўлов ташкилотига лицензия бериш бўйича 4 та, банкларда аудит ўтказиш ҳуқуқини берувчи аудиторлик малака сертификатлари бўйича 2 та, кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушга эгалик қилишга рухсат бериш бўйича 1 та масала муҳокама қилинган.
Қолган 20 та масала кредит ва тўлов ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид. Бу йўналишда Марказий банк кўрсатмалари ва пруденциал меъёрларга риоя этилиши, банк ва нобанк кредит ташкилотларида ўтказилган инспекция текширувлари натижалари, шунингдек, ташкилотларнинг молиявий хизматларини «тартибга солиш қумдони» доирасида синовдан ўтказиш масалалари кўриб чиқилган.
Пруденциал нормативлар ва қонунчилик талабларига риоя этилмагани ҳамда инспекция текширувларида аниқланган қоидабузарликлар учун 6 та банк ва 2 та микромолия ташкилотига нисбатан жарима санкциялари қўлланган. Бундан ташқари, 1 та банк ва 1 та микромолия ташкилоти уларга нисбатан чора ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилган. Жаримага тортилган ташкилотлар номи ва жарима миқдори очиқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, қўмита сентябрь ойида 8 та банкка нисбатан жарима санкциялари қўллаганди.
