Марказий банк сентябрь ойида 8 та банкни жаримага тортди

12.10.2026 18:45

467

Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси пруденциал нормативлар ва қонунчилик талабларига риоя этилмаганлиги, шунингдек инспекция текширувларида аниқланган қоидабузарликлар учун сентябрь ойида 8 та банкка нисбатан жарима санкциялари қўллади.

Фото: Марказий банк

Марказий банк Банк назорати қўмитасининг сентябрь ойидаги иши якунлари бўйича ҳисоботи эълон қилинди. Маълум бўлишича, ўтган ой давомида қўмита 8 марта йиғилган ва жами кўриб чиқилган 37 та масала бўйича тегишли қарорлар қабул қилинган.

Рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида жами 21 та масала кўрилган. Улар орасида кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш (2 та), микромолия ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш, аккредитация ва тўлов ташкилотига лицензия бериш (7 та), кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат бериш (3 та), шунингдек тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш (9 та) билан боғлиқ масалалар бор.

Кредит ва тўлов ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 16 та масала муҳокама қилинган. Хусусан, Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлари талабларига риоя этилиши, банк ва нобанк кредит ташкилотларида ўтказилган инспекция текширувлари натижалари ҳамда ташкилотларнинг молиявий хизматларини «тартибга солиш қумдони» доирасида синовдан ўтказиш масалалари кўриб чиқилган.

Пруденциал нормативлар ва қонунчилик талабларига риоя этилмаганлиги, шунингдек инспекция текширувларида аниқланган қоидабузарликлар учун 8 та банкка нисбатан жарима санкциялари қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, август ойида қўмита 7 марта йиғилиб, 34 та масалани кўриб чиққан, ўшанда 22 та банк ва 3 та микромолия ташкилотига жарима қўлланганди.

Теглар:

#жарима#санкция

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган