Марказий банк томонидан Ўзбекистон олтин-валюта захираларининг 1 ноябрь ҳолатига ҳисоботи эълон қилинди.
Маълумотларга кўра, расмий захира активлари октябрь ойи давомида 2 млрд 963,3 млн долларга (4,5 фоизга) камайиб, унинг жами миқдори 66 млрд 588,6 млн доллардан 63 млрд 625,2 млн долларгача тушган.

Манба: Марказий банк маълумотлари
Захиралар қисқаришининг асосий қисми олтин қийматининг 2 млрд 40,8 млн долларга камайиши ҳисобига тўғри келган. Захиранинг қолган таркибий қисмлари ҳам қисқарган: хорижий валютадаги захира активлар 5 млрд 11,6 млн долларгача (-921,0 млн доллар), ХВЖда маблағ жалб қилишга доир махсус ҳуқуқлар (СДР) 569,2 млн долларгача (-1,5 млн доллар) камайган.
Валюта активларининг қисқариши бу сафар асосан қимматли қоғозлар ҳисобига юз берган: улар 543,2 млн долларга (32,1 фоизга) камайиб, 1 млрд 691,8 млн доллардан 1 млрд 148,6 млн долларга тушган.
Нақд валюта ва депозитлар ҳам 4 млрд 240,8 млн доллардан 3 млрд 863,0 млн долларга (-377,8 млн доллар) қисқарган. Жумладан, бош офиси хорижда жойлашган банклардаги маблағлар 349,9 млн долларга, бошқа марказий банклар ва ХВЖдаги маблағлар 27,8 млн долларга камайган.
Октябрь ойида олтин захираларининг доллардаги қиймати 58 млрд 44,4 млн долларни ташкил этган. Захирадаги олтиннинг бир унциядаги қиймати ой давомида 4 188,8 доллардан 3 981,1 долларга (-5,0 фоиз) тушган.
Нарх пасайишига қарамай, Марказий банк соф олтин сотиб олишни давом эттирган. Натижада олтиннинг жисмоний (физик) ҳажми 14,34 млн трой унциядан 14,58 млн трой унцияга ошган — бир ойда захирага 236 минг трой унция (қарийб 7,3 тонна) олтин қўшилган. Ушбу икки омилни ажратиб кўрсак, нарх пасайиши олтин қийматини қарийб 3,0 млрд долларга камайтирган, жисмоний ҳажмнинг ортиши эса тахминан 0,9 млрд долларлик ўсишни таъминлаган.
Марказий банк ҳисоботидаги изоҳда ҳам ойлик пасайиш асосан нарх омили билан изоҳланган: регуляторнинг маълум қилишича, олтин нархининг бир унция учун 4 188,75 доллардан 3 981,10 долларга тушиши захираларга -3,0 млрд долларлик таъсир кўрсатган.
Захиралар тузилмасида олтиннинг улуши 91,23 фоизга етган, валютадаги активларнинг улуши эса 8,77 фоизни ташкил этмоқда. Маълумот учун: 1 октябрь ҳолатига олтиннинг улуши 90,23 фоиз эди — бир ой ичида кўрсаткич 1,00 банд юқорилаган.
Расмий захира активларига кирмайдиган, хорижий валютадаги бошқа активлар эса 173,2 млн доллардан 132,8 млн долларга тушган. Бу гуруҳда депозитлар 46,1 млн долларга камайган, захира активларига киритилмаган олтин ҳажми эса 5,7 млн долларга ошиб, 106,9 млн долларни ташкил этган.
Октябрдаги пасайиш билан захиралар йилнинг энг қуйи даражасига тушди. Кўрсаткич февраль якунида 77 млрд 86,4 млн долларгача кўтарилиб, йилнинг энг юқори нуқтасига чиққан, июнь якунига келиб 63 млрд 757,3 млн долларгача пасайган, август якунида эса 72 млрд 135,0 млн долларгача тикланган эди.
Шундай қилиб, октябрь якунидаги 63 млрд 625,2 млн доллар июнь якунидаги кўрсаткичдан ҳам 132,1 млн доллар паст бўлиб, 2025 йил ноябрь якунидан буёнги энг паст даражадир. Февралдаги чўққидан эса захиралар 13 млрд 461,1 млн доллар паст турибди.

Манба: Марказий банк маълумотлари
1 январь ҳолатига мамлакатнинг расмий захира активлари 66 млрд 311,8 млн долларни ташкил этган эди: ўн ой якунида захиралар 2 млрд 686,5 млн долларга (4,1 фоизга) камайган. 1 октябрь ҳолатига эса йил бошига нисбатан 276,8 млн долларлик ўсиш қайд этилган эди.
Айни пайтда захиранинг ички тузилмаси сезиларли ўзгарган. Хорижий валютадаги захира активлар йил бошидаги 10 млрд 644,5 млн доллардан 5 млрд 11,6 млн долларга тушган — қисқариш 5 млрд 632,9 млн долларни ёки 52,9 фоизни ташкил этади. Олтин қиймати эса 55 млрд 92,4 млн доллардан 58 млрд 44,4 млн долларга ошган.
Жисмоний ҳажм ҳам ортган: олтин захираси йил бошидаги 12,55 млн трой унциядан 14,58 млн трой унцияга, яъни 2,03 млн трой унцияга (тахминан 63 тонна) кўпайган. Натижада олтиннинг захиралардаги улуши 1 январдаги 83,08 фоиздан 91,23 фоизга кўтарилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг халқаро захиралари сентябрь ойида 5,5 млрд долларга камайган эди.
.jpg)