Сентябрда Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 5,5 млрд долларга камайди

08.10.2026 06:58

40

Ўзбекистоннинг халқаро захиралари августдаги кескин ўсишдан сўнг сентябрь ойида 5 млрд 546,4 млн долларга камайиб, 66,59 млрд долларга тушди. Ойлик пасайишга ой давомида олтин нархининг арзонлашиши асосий сабаб бўлди, физик ҳажмнинг кўпайиши эса бу таъсирни қисман юмшатди.

Фото: Reuters

Марказий банк Ўзбекистон олтин-валюта захираларининг 1 октябрь ҳолатига ҳисоботини эълон қилди. Маълумотларга кўра, расмий захира активлари сентябрь ойи давомида 5 млрд 546,4 млн долларга (7,7 фоизга) камайиб, унинг жами миқдори 72 млрд 135 млн доллардан 66 млрд 588,6 млн долларгача тушган.

Манба: Марказий банк маълумотлари

Захиралар қисқариши асосан унинг таркибидаги олтин қийматининг 4 млрд 843,3 млн долларга камайиши ҳисобига тўғри келган. Захиранинг қолган таркибий қисмлари ҳам қисқарган: хорижий валютадаги захира активлар 5 млрд 932,6 млн долларгача (-702,8 млн доллар), ХВЖда маблағ жалб қилишга доир махсус ҳуқуқлар (СДР) 570,8 млн долларгача (-0,2 млн доллар) камайган.

Валюта активларининг қисқариши асосан нақд валюта ва депозитлар ҳисобига юз берган: улар 4 млрд 869,9 млн доллардан 4 млрд 240,8 млн долларга тушган. Жумладан, бош офиси хорижда жойлашган банклардаги маблағлар 632,8 млн долларга камайган, бошқа марказий банклар ва ХВЖдаги маблағлар эса 3,7 млн долларга кўпайган.

Сентябрь ойида олтин захираларининг доллардаги қиймати 60 млрд 85,2 млн долларни ташкил этган. Захирадаги олтиннинг бир унциядаги қиймати ой давомида 4 602,0 доллардан 4 188,8 долларга тушган.

Нарх пасайишига қарамай, Марказий банк соф олтин сотиб олишни давом эттирган. Натижада олтиннинг жисмоний (физик) ҳажми 14,11 млн трой унциядан 14,34 млн трой унцияга ошган — бир ойда захирага 236 минг трой унция (қарийб 7,3 тонна) олтин қўшилган. Ушбу икки омилни ажратиб кўрсак, нарх пасайиши олтин қийматини қарийб 5,8 млрд долларга камайтирган, жисмоний ҳажмнинг ортиши эса тахминан 1,0 млрд долларлик ўсишни таъминлаган.

Марказий банк ҳисоботидаги изоҳда ҳам ойлик пасайиш асосан нарх омили билан изоҳланган: регуляторнинг маълум қилишича, олтин нархининг бир унция учун 4 602,00 доллардан 4 188,75 долларга тушиши захираларга -5,9 млрд долларлик таъсир кўрсатган.

Захиралар тузилмасида олтиннинг улуши 90,23 фоизга етган, валютадаги активларнинг улуши эса 9,77 фоизни ташкил этмоқда. Маълумот учун: 1 сентябрь ҳолатига олтиннинг улуши 90,01 фоиз эди — бир ой ичида кўрсаткич 0,22 банд юқорилаган.

Қимматли қоғозлар бўйича сентябрь ойида пасайиш кузатилган: улар 73,7 млн долларга камайиб, 1 млрд 691,8 млн долларни ташкил қилди.

Расмий захира активларига кирмайдиган, хорижий валютадаги бошқа активлар эса 128,7 млн доллардан 173,2 млн долларга ошган. Бу гуруҳда депозитлар 37,2 млн долларга кўпайган, захира активларига киритилмаган олтин ҳажми эса 7,4 млн долларга ошиб, 101,2 млн долларни ташкил этган.

Сентябрдаги пасайиш захираларнинг йил давомидаги нотекис ҳаракатининг давоми бўлди. Кўрсаткич февраль якунида 77 млрд 86,4 млн долларгача кўтарилиб, йилнинг энг юқори нуқтасига чиққан, июнь якунига келиб эса 63 млрд 757,3 млн долларгача пасайган, август якунида яна 72 млрд 135,0 млн долларгача тикланган эди.

Шундай қилиб, сентябрь якунидаги 66 млрд 588,6 млн доллар февралдаги чўққидан 10 млрд 497,8 млн доллар паст турибди. Июнь якунидаги энг қуйи нуқтадан эса 2 млрд 831,3 млн доллар юқори.

Манба: Марказий банк маълумотлари

1 январь ҳолатига мамлакатнинг расмий захира активлари 66 млрд 311,8 млн долларни ташкил этган эди: тўққиз ой ичида захиралар бор-йўғи 276,8 млн долларга (0,4 фоизга) кўпайган. 1 сентябрь ҳолатига бу ўсиш 5 млрд 823,2 млн долларни ташкил этган эди.

Айни пайтда захиранинг ички тузилмаси сезиларли ўзгарган. Хорижий валютадаги захира активлар йил бошидаги 10 млрд 644,5 млн доллардан 5 млрд 932,6 млн долларга тушган — қисқариш 4 млрд 711,9 млн долларни ёки 44,3 фоизни ташкил этади. Олтин қиймати эса 55 млрд 92,4 млн доллардан 60 млрд 85,2 млн долларга ошган.

Жисмоний ҳажм ҳам ортган: олтин захираси йил бошидаги 12,55 млн трой унциядан 14,34 млн трой унцияга, яъни 1,79 млн трой унцияга (тахминан 56 тонна) кўпайган. Натижада олтиннинг захиралардаги улуши 1 январдаги 83,08 фоиздан 90,23 фоизга кўтарилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг халқаро захиралари август ойида 7,8 млрд долларга кўпайган эди.

Теглар:

#олтин-валюта

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган