Пойтахт банк 10 млн долларлик валютали облигацияларни рўйхатдан ўтказди

05.11.2026 06:56

123

Пойтахт банк умумий қиймати 10 млн АҚШ долларига тенг корпоратив облигациялар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказди. Облигацияларнинг муомала муддати бир йил, купон даромадлилиги йиллик 8,5 фоиз. Ҳозиргача эълон қилинган банкларнинг валютали облигациялари орасида бу энг қисқа муддатли эмиссия бўлиб, фоиз даромади ҳар ойда тўланадиган биринчи чиқарилиш ҳисобланади.

Фото: Пойтахт банк

«Пойтахт банк» АЖ 4 ноябрь куни Корпоратив ахборот ягона порталида эълон қилган муҳим фактга кўра, банкнинг АҚШ долларида ифодаланган корпоратив облигациялари чиқарилиши 2 ноябрь куни PO894-1 рақами билан давлат рўйхатидан ўтказилган. Эмиссия доирасида номинал қиймати 100 доллардан бўлган 100 минг дона ҳужжатсиз шаклдаги фоизли номли облигация чиқарилади.

Чиқариш тўғрисидаги қарор банк Кузатув кенгаши томонидан 8 сентябрь куни бир овоздан қабул қилинган эди.

Облигацияларнинг муомала муддати — 365 кун. Купон даромади номинал қийматдан йиллик 8,5 фоиз миқдорида ҳисобланади. Муомала даври 12 та оралиқ даврга бўлинган (еттитаси 30 кунлик, бештаси 31 кунлик), фоиз даромади ҳар бир давр тугагандан кейин 10 иш куни ичида тўланади. Шу тариқа, инвестор бир йил давомида 12 марта фоиз олади.

Ҳисоб-китобларга кўра, 100 долларлик битта облигация эгаси 30 кунлик давр учун тахминан 0,70 доллар, 31 кунлик давр учун 0,72 доллар, бир йилда эса жами 8,5 доллар купон даромади олади. Эмиссия тўлиқ жойлаштирилса, банк инвесторларга ҳар ойда 70–72 минг доллар, бутун муддат давомида эса 850 минг доллар фоиз тўлайди.

Облигациялар бўйича таъминот назарда тутилмаган. Улар муддат якунида АҚШ долларида нақд пулсиз шаклда сўндирилади: номинал қиймат ва сўнгги давр фоизи муомала тугаганидан кейинги 10 иш куни ичида инвесторлар ҳисобварағига ўтказилади. Тўловлар Марказий депозитарий орқали, агент банк воситасида амалга оширилади: жисмоний шахслар маблағни агент банкдаги шахсий валюта ҳисобварақларига, юридик шахслар эса ўзларининг валюта ҳисобварақларига олади.

Облигациялар очиқ обуна йўли билан, инвесторлар доираси чекланмаган ҳолда, «Тошкент» РФБнинг «Bond Market» облигациялар бозорида жойлаштирилади — Кузатув кенгаши қоғозларни ушбу бозор листингига киритишни ҳам маъқуллаган.

Жойлаштириш давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳақидаги хабарнома Корпоратив ахборот ягона порталида ва банк сайтида эълон қилинганидан 15 календарь куни ўтгач бошланади ва 120 иш кунигача давом этади.

Ҳар бир оралиқ даврнинг биринчи кунида облигациялар номинал қиймат бўйича, кейинги кунларда эса тўпланган фоиз даромади қўшилган ҳолда сотилади.

Эмиссия ташкилотчиси, инвестиция воситачиси ва андеррайтери сифатида «FREEDOM FINANCE» МЧЖ ХК иштирок этмоқда. Андеррайтинг «энг яхши ҳаракатлар» (best efforts) модели асосида амалга оширилади — бу андеррайтер қоғозларни сотишга кўмаклашишини, бироқ жойлаштирилмай қолган облигацияларни ўзи сотиб олиш мажбуриятини олмаслигини англатади. Банк ва компания ўртасида кейинчалик бир нечта облигация чиқарилишини амалга ошириш имконини берувчи андеррайтинг бўйича бош шартнома ҳам маъқулланган.

Валютали облигациялар Президентнинг 2025 йил 18 декабрдаги «Капитал бозорида инвестиция муҳитини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-254-сон Фармони билан жорий этилган махсус ҳуқуқий режим — «тартибга солиш қумдони» доирасида чиқарилмоқда. Пойтахт банк бу режим иштирокчилари қаторига июль ойи охирида қўшилган. Валютадаги облигацияларни чиқариш, жойлаштириш ва муомалада бўлиш тартиби 29 апрель куни Адлия вазирлигида 3826-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом билан белгиланган.

Низомга кўра, бир эмитентнинг валютали облигациялари ҳажми 50 млн доллардан ошмаслиги керак. Яъни Пойтахт банк ушбу эмиссия билан лимитнинг бешдан бир қисмини ишлатмоқда.

«Пойтахт банк» — Марказий банкнинг 84-рақамли лицензияси асосида фаолият юритувчи акциядорлик тижорат банки, бош офиси Тошкент шаҳрида жойлашган. Банк фаолиятини 2019 йилда бошлаган. 2024 йил октябрида банкнинг 100 фоиз давлат акциялари Бирлашган Араб Амирликларининг Bond Investments Limited компаниясига 10 млн долларга сотилган.

Банк 2026 йилнинг 9 ойлик якунларига кўра, 2,6 млрд сўм соф фойда билан якунлаган.

Теглар:

#пойтахтбанк#облигация

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган