Пул ўтказмалари 15 млрд доллардан ошди, аммо ўсиш секинлашди

02.11.2026 17:51

65

Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида Ўзбекистонга 15 млрд доллардан ортиқ пул ўтказмалари келиб тушди, кирим ўсиши 9 фоиз атрофида бўлди (ўтган йил шу пайтдаги ўсиш қарийб 24 фоиз эди). Йил бошидан ҳар чоракда 13 фоиз атрофида ўсган пул ўтказмалари III чоракка келиб 3 фоизлик ўсиш қайд этди.

Фото: Depositphotos

Марказий банк 2026 йил 9 ойлик ички валюта бозори шарҳида халқаро пул ўтказмаларига оид маълумотларни эълон қилди.

Шарҳга кўра, январь-сентябрь ойларида халқаро пул ўтказмалари орқали Ўзбекистонга 15,2 миллиард доллар миқдорида валюта маблағлари келиб тушди, 2,0 миллиард доллар эса чиқиб кетди. Натижада 13,2 миллиард долларлик ижобий сальдо юзага келди.

Пул ўтказмалари ҳажми, млн долларда / Манба: Марказий банк

Кирим: ўсиш суръати пасаймоқда

Мамлакатга келиб тушган пул ўтказмалари 2025 йилнинг мос давридаги 13,9 млрд доллардан 15,2 млрд долларгача ошди. Мутлақ ўсиш 1,2 млрд долларни, нисбий ўсиш эса 8,9 фоизни ташкил этди. Таққослаш учун, 2025 йилнинг 9 ойида кирим 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 23,7 фоизга ўсган эди (11,3 млрд доллардан 13,9 млрд долларгача).

Йилнинг биринчи ярмида ўсиш суръати юқори бўлган. Марказий банкнинг меҳнат бозори шарҳига кўра, пул ўтказмалари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан I чоракда 12,9 фоизга (3,8 млрд доллар), II чоракда эса 13,1 фоизга (5,5 млрд доллар) ўсган. Ярим йиллик валюта бозори шарҳида январь-июнь ойларида мамлакатга 9,3 млрд доллар келиб тушгани, 1,3 млрд доллар чиқиб кетгани ва 8 млрд долларлик ижобий сальдо шакллангани қайд этилган эди (2025 йилнинг I ярмида кирим 8,2 млрд млрд бўлган).

Бошқача айтганда, III чоракда мамлакатга 5,9 миллиард доллар келиб тушган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос давридаги 5,7 миллиард доллардан 2,9 фоизга кўп. Натижада 9 ойлик ўсиш суръати 8,9 фоизгача пасайди.

Келиб тушган пул ўтказмалари ўсиши, чораклар кесимида / Манба: Марказий банк, Bankers.uz ҳисоб-китоби

Чиқим барқарор, сальдо 10 фоизга ошди

Хориждан келган маблағлардан фарқли равишда, мамлакатдан чиқиб кетган пул ўтказмалари деярли ўзгармади: 2025 йилнинг 9 ойида 1,93 миллиард доллар бўлган бу кўрсаткич жорий йилда 1,95 миллиард долларни ташкил этди (+0,9%). 2024 йилнинг мос даврида эса мамлакатдан 2,06 миллиард доллар чиқиб кетган эди.

Натижада пул ўтказмалари сальдоси бир йилда 12,0 миллиард доллардан 13,2 миллиард долларгача ёки 10,2 фоизга ошди. Ўтган йилнинг мос даврида сальдо 30,3 фоизга ўсган эди.

Халқаро пул ўтказмалари сальдоси, млн доллар / Манба: Марказий банк, Bankers.uz ҳисоб-китоби

Россиядан ўтказмалар секинроқ ўсмоқда

Пул ўтказмалари динамикаси меҳнат миграцияси географиясидаги ўзгаришлар фонида шаклланмоқда. Марказий банкнинг меҳнат бозори шарҳига кўра, 2026 йилнинг январь-июнь ойларида Қозоғистондан келган пул ўтказмалари 28,2 фоизга, АҚШдан 18,8 фоизга, Туркиядан 14,2 фоизга, Жанубий Кореядан 11,4 фоизга ошди. Россиядаги меҳнат мигрантлари юборган маблағларнинг ўсиши эса 8,8 фоизни ташкил этди.

2026 йил январь-июнь ойларида пул ўтказмалари ўсиши, давлатлар кесимида, фоизда / Манба: Марказий банк

Шу даврда Россияга ишлаш мақсадида борган ўзбекистонликлар сони 1,18 миллион нафарни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос давридаги 1,36 миллион нафарга нисбатан 13,2 фоизга қисқарди. Бошқа йўналишларда эса миграция ортмоқда: 2025 йилда Европа Иттифоқидаги ўзбекистонлик мигрантлар сони 13,2 фоизга, Туркиядагилар 10,7 фоизга кўпайган. 2026 йил 1 июль ҳолатига Туркияда 70 минг (+9,3%), Жанубий Кореяда 102,2 минг (+3,3%) ўзбекистонлик қайд этилган.

Шу билан бирга, регулятор айрим минтақаларда миграциянинг камайиши пул ўтказмалари пасайиши орқали уй хўжаликлари даромадлари ва истеъмол талабига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини қайд этган.

Президент: мигрантлар камайди, маблағлар кўпайди

2 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда сўнгги ўн йилда хорижда ишлаётган ўзбекистонликлар сони 2 баробар камайгани, уларнинг оилаларига юбораётган маблағлари эса 4 баробар ошгани қайд этилди. Президентнинг таъкидлашича, бу ўзбекистонлик мутахассисларга бўлган муносабат ўзгарганидан далолат беради: фуқаролар хорижга оддий ишчи эмас, малакали кадр сифатида бормоқда.

Ички валюта бозоридаги ўрни

Пул ўтказмалари аҳолининг тижорат банкларига валюта сотувининг асосий манбаи ҳисобланади. Шарҳга кўра, январь-сентябрь ойларида аҳоли банкларга 18,9 миллиард доллар сотди, банклардан эса 11,0 миллиард доллар сотиб олди. Натижада жисмоний шахслар операцияларининг 7,9 миллиард долларлик ижобий сальдоси ички валюта бозорида қўшимча таклиф манбаи бўлиб хизмат қилди. Хориждан келган пул ўтказмалари ҳажми аҳолининг банкларга сотган валютасининг қарийб 80 фоизига тенг бўлди.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил якунлари бўйича Ўзбекистонга 18,9 млрд доллар пул ўтказмалари келиб тушгани ва бу 2024 йилга нисбатан 27,2 фоизга кўп экани ҳақида хабар қилган эдик. Ўшанда ўртача ойлик пул ўтказмалари 1 млрд доллардан ошиб, энг юқори кўрсаткич июль ойида (1,97 млрд доллар) қайд этилган эди.

Теглар:

#пул ўтказмалари

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган