Қозоғистонда яна бир ислом банки пайдо бўлмоқда. Устав капитали 10 млн доллар бўлган ва ягона акциядори Қатар инвестиция компанияси ҳисобланган Al-Amanah Islamic Bank Ltd. «Остона» халқаро молия маркази (ОХММ) молиявий регулятори — AFSA'дан лицензия олди. Бироқ банк ҳозирча фаолиятини бошлай олмайди: бунинг учун регуляторнинг алоҳида рухсати талаб этилади.
Банкнинг ягона акциядори — Доҳада жойлашган, молия ва технология секторларига сармоя киритувчи хусусий инвестиция компанияси Finagroup Holding LLC. ОХММ реестрига кўра, Al-Amanah Islamic Bank 2026 йил 21 августда рўйхатдан ўтган, унинг устав капитали ҳар бири 1000 доллардан бўлган 10 минг дона оддий акцияга тақсимланган. Таққослаш учун, ОХММ қоидаларига кўра, банк лицензиясини олиш учун биринчи даражали асосий капитал (CET1) камида 10 млн долларни ташкил этиши лозим — яъни янги банк капитали айнан минимал талаб даражасида.
Банк раҳбарияти ҳам маълум. Бош ижрочи директор лавозимини Наргиза Худабаева эгаллаган. Директорлар таркибида эса Мирлан Таймурзаев бор — у 2024 йил октябридан 2025 йил январигача ОХММ ҳудудида 2022 йил ноябрида рўйхатдан ўтган бошқа ислом банки — Al Safi Bank'га раҳбарлик қилган.
Al-Amanah чакана мижозларга хизмат кўрсатмайди: у фақат профессионал мижозлар ва молия бозори иштирокчилари билан ишлашни режалаштирмоқда. Рўйхатдан ўтказиш ҳужжатларига кўра, банк шариат тамойиллари асосида депозитлар қабул қилиш (қарз ва вакала шаклида, шу жумладан фойда тақсимланадиган инвестиция ҳисобвараклари), муробаҳа ва таваррук орқали молиялаштириш, трансчегаравий ҳисоб-китоблар ҳамда валюта айирбошлаш операцияларини амалга оширмоқчи. Банк фаолияти ОХММ талаблари ва Ислом молия институтлари бухгалтерия ҳисоби ва аудити ташкилоти (AAOIFI) стандартларига мувофиқ юритилиши керак. Одатда бундай муассасалар фаолияти мустақил шариат кенгаши томонидан назорат қилинади.
Al-Amanah — сўнгги ойларда Қозоғистонда эълон қилинган ислом банки лойиҳаларидан бири, холос. Октябрь ойида ОХММ юрисдикциясида Tansar Group'га тегишли Tansar Islamic Bank Ltd рўйхатдан ўтди, унинг устав капитали 12 млн долларни ташкил этади. Банк директорлар кенгашига Қозоғистон Миллий банкининг собиқ раис ўринбосари Есжан Биртанов кирган. Kursiv маълумотига кўра, Tansar Islamic Bank ҳам AFSA'дан рухсат олган, бироқ мамлакатнинг асосий молия регулятори — Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлигига банк лицензияси учун мурожаат қилмаган. Бундан ташқари, «Байтерек» миллий холдинги таркибидаги «Отбасы банк» ислом банк операцияларига лицензия олиш ва ислом тамойиллари асосида ипотека беришни режалаштираётганини маълум қилди. У ислом банкинги бозорига чиқиш ниятини эълон қилган учинчи анъанавий банкка айланди.
Ҳозирда Қозоғистонда ОХММ ҳудудидан ташқарида ADCB Islamic (собиқ Al Hilal) ва «Заман-Банк», марказ ичида эса Al Safi Bank фаолият юритмоқда. ОХММ ислом молиясини ўзининг устувор йўналишларидан бири деб ҳисоблайди: марказ маълумотларига кўра, бу соҳада AFSA томонидан авторизация қилинган 9 та компания ишламоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳам ислом банкинги амалий босқичга ўтди: Марказий банк 23 октябрда «Open bank» АЖга мамлакатдаги ислом банк фаолияти учун илк — 1-I-сонли лицензияни берган эди.
