Марказий банк маълумотига кўра, 2026 йил 1 октябрь ҳолатига тижорат банкларидаги муаммоли кредитлар ҳажми 25 триллион 41 миллиард сўмга етди. Йил бошида бу кўрсаткич 18 триллион 55 миллиард сўмни ташкил қилган эди, яъни тўққиз ой давомида NPL 6,99 триллион сўмга (+38,7%) кўпайган.
Ўтган 9 ойда жами кредит портфели 604 триллион 2 миллиард сўмдан 659 триллион 87 миллиард сўмга, яъни 9,1 фоизга ошган. Бошқача айтганда, муаммоли кредитлар портфелга нисбатан қарийб 4,2 баробар тезроқ кўпайган. Натижада NPL улуши 2,99 фоиздан 3,80 фоизгача (+0,81 банд) кўтарилди.

Манба: Марказий банк
Кредит портфели
Кредит портфелининг мутлақ ўсиши бўйича Агробанк олдинда: портфел 81,1 трлн сўмдан 95,9 трлн сўмга (+18,2%) ошган. Кейинги ўринларда Hamkorbank (24,0 трлн сўмдан 31,4 трлн сўмгача, +31,1%), Халқ банки (33,6 трлн сўмдан 38,4 трлн сўмгача, +14,3%), Алоқабанк (18,8 трлн сўмдан 23,2 трлн сўмгача, +23,1%) ва Ипак Йўли банк (16,1 трлн сўмдан 20,0 трлн сўмгача, +24,2%) туради. Фоиз ҳисобида энг тез ўсган банклар кичик портфелли Uzum Bank (99,5 млрд сўмдан 449,8 млрд сўмгача, +352,1%), Пойтахт банк (+164,9%), APEX BANK (+152,3%) ва Open Bank (+124,8%) бўлди.
Аксинча, Ўзсаноатқурилишбанкда портфел 64,9 трлн сўмдан 59,3 трлн сўмгача (-8,6%), TBC Bank'да 10,3 трлн сўмдан 7,7 трлн сўмгача (-25,2%), Асакабанкда 41,5 трлн сўмдан 39,3 трлн сўмгача (-5,2%), Ўзмиллийбанкда 105,4 трлн сўмдан 104,1 трлн сўмгача (-1,2%), Tenge Bank'да 4,4 трлн сўмдан 3,9 трлн сўмгача (-12,2%) қисқарган. Давлат банкларининг жами кредитлардаги улуши йил бошидаги 67,0 фоиздан 64,6 фоизга тушган.
Давлат ва бошқа банклар
Давлат улушига эга 9 та банкда NPL ҳажми 12 трлн 834 млрд сўмдан 16 трлн 942 млрд сўмга (+32,0%) кўпайиб, унинг улуши 3,17 фоиздан 3,98 фоизгача (+0,81 банд) ошди. Бу гуруҳда кредит портфели 5,3 фоизга ўсган. Бошқа 26 та банкда эса NPL 5 трлн 221 млрд сўмдан 8 трлн 99 млрд сўмга (+55,1%) кўпайди, улуши 2,62 фоиздан 3,47 фоизгача (+0,86 банд) кўтарилди, портфел 16,9 фоизга ўсди. Натижада давлат банкларининг жами NPL'даги улуши 71,1 фоиздан 67,7 фоизга пасайди.
Ярим йиллик якуни билан таққослаганда, учинчи чоракда давлат банкларида NPL улуши 3,89 фоиздан 3,98 фоизгача (+0,09 банд), хусусий ва хорижий капиталли банкларда эса 2,95 фоиздан 3,47 фоизгача (+0,52 банд) ошган.
Энг кескин ёмонлашган банклар
Йил боши ва 9 ойлик якунида фаолият юритган 34 та банкдан 22 тасида NPL улуши ошган, 10 тасида камайган, икки банкда (KDB Bank ва Octobank) у нолга тенг бўлиб қолган. Муаммоли кредитлар ҳажми 28 та банкда кўпайган, тўрттасида камайган.
Нисбий кўрсаткич бўйича энг катта ёмонлашув Мадад Инвест банкда кузатилди: банкда NPL ҳажми 2,6 млрд сўмдан 254,8 млрд сўмга (қарийб 97 баробар) ошиб, улуши 0,62 фоиздан 43,42 фоизгача (+42,81 банд) кўтарилди. Ярим йиллик якунида банкнинг NPL улуши 4,41 фоиз бўлган, яъни асосий ўсиш учинчи чоракка тўғри келган.
Қолган банклар орасида энг сезиларли ёмонлашув TBC Bank (5,71 фоиздан 13,40 фоизгача, +7,68 банд) ва Микрокредитбанкда (4,41 фоиздан 11,39 фоизгача, +6,99 банд) қайд этилди. Микрокредитбанкда NPL ҳажми 894,0 млрд сўмдан 2 трлн 739 млрд сўмгача (+206,4%) ошиб, мутлақ ўсиш бўйича тизимда етакчи бўлди — банк ҳиссасига тизим бўйича NPL ўсишининг 26,4 фоизи тўғри келади. TBC Bank'да NPL 591,3 млрд сўмдан 1 трлн 36 млрд сўмга (+75,3%) кўпайган, шу билан бирга банкнинг кредит портфели 10,3 трлн сўмдан 7,7 трлн сўмгача (-25,2%) қисқарган.
ANORBANK'да NPL улуши 4,75 фоиздан 9,03 фоизгача (+4,28 банд) кўтарилди: ҳажм 479,3 млрд сўмдан 1 трлн 181 млрд сўмга (+146,3%) ошган, портфел эса 29,6 фоизга ўсган. Ориент Финанс банкда NPL 21,0 млрд сўмдан 568,6 млрд сўмгача (қарийб 27 баробар) кўпайиб, улуши 0,15 фоиздан 3,94 фоизгача кўтарилди. Шунингдек, Tenge Bank (2,78 фоиздан 4,93 фоизгача), Халқ банки (3,07 фоиздан 4,14 фоизгача; NPL ҳажми +560,2 млрд сўм), Алоқабанк (2,54 фоиздан 3,50 фоизгача) ва Универсалбанкда (0,52 фоиздан 1,53 фоизгача) кўрсаткичлар ёмонлашди. Агробанкда NPL ҳажми 481,6 млрд сўмга ошган, бироқ портфел ҳам 18,2 фоизга кўпайгани сабабли улуш деярли ўзгармаган (3,33 фоиздан 3,32 фоизгача).
5 фоиздан юқори NPL улушига эга банклар сони саккизтага етди, улар Мадад Инвест банк (43,42%), Пойтахт банк (13,79%), TBC Bank (13,40%), Микрокредитбанк (11,39%), ANORBANK (9,03%), AVO Bank (6,90%), Гарант банк (6,07%) ва Бизнесни ривожлантириш банки (5,78%).
Яхшиланган кўрсаткичлар
Улуш бўйича энг катта пасайиш Пойтахт банкда қайд этилди — 24,40 фоиздан 13,79 фоизгача (-10,61 банд). Бироқ банкнинг NPL ҳажми 69,1 млрд сўмдан 103,4 млрд сўмгача ошган, кредит портфели эса 283,1 млрд сўмдан 750,1 млрд сўмгача (2,6 баробар) кўпайган, яъни улушнинг пасайиши асосан портфел ўсиши билан изоҳланади. Шундай ҳолат AVO Bank (8,17 фоиздан 6,90 фоизгача; портфел +80,8%) ва Hayot Bank'да (3,96 фоиздан 3,05 фоизгача; портфел +62,1%) ҳам кузатилган — уларда муаммоли кредитлар ҳажми ошган.
Муаммоли кредитлар ҳажми амалда камайган банклар қаторида Ziraat Bank Uzbekistan (84,1 млрд сўмдан 60,3 млрд сўмгача; улуши 3,86 фоиздан 2,52 фоизгача) ва Ипотека-банк (1 трлн 257 млрд сўмдан 1 трлн 239 млрд сўмгача; улуши 3,55 фоиздан 3,31 фоизгача) бор. Davr Bank'да NPL ҳажми деярли ўзгармаган (285,9 млрд сўмдан 285,8 млрд сўмгача), портфел 10,9 фоизга ошгани сабабли улуш 3,21 фоиздан 2,90 фоизгача пасайган.
Энг катта NPL ҳажмлари ва паст кўрсаткичлар
Муаммоли кредитлар ҳажми энг катта банклар — Агробанк (3 трлн 180 млрд сўм; тизимдаги NPL'нинг 12,7 фоизи), Ўзмиллийбанк (3 трлн 107 млрд сўм; 12,4 фоиз) ва Микрокредитбанк (2 трлн 739 млрд сўм; 10,9 фоиз) бўлиб қолмоқда. NPL ҳажми бўйича энг йирик беш банкнинг тизимдаги улуши йил бошидаги 55,9 фоиздан 49,6 фоизгача пасайган.
KDB Bank ва Octobank'да NPL йил бошидагидек нолга тенг бўлиб қолди. Uzum Bank (0,03%), APEX BANK (0,08%), Open Bank (0,42%) ва янги очилган Таянч микромолия банкида (0,84%) ҳам кўрсаткич жуда паст. Hamkorbank (0,80 фоиздан 1,54 фоизгача), Универсалбанк (0,52 фоиздан 1,53 фоизгача), Asia Alliance Bank (1,15 фоиздан 1,69 фоизгача) ва Ипак Йўли банкда (1,12 фоиздан 1,74 фоизгача) NPL улуши ошган бўлса-да, 2 фоиздан паст сақланиб турибди.
Эслатиб ўтамиз, ярим йиллик якунига кўра NPL ҳажми 22,9 трлн сўмни ташкил қилган эди.
