Президент кредитлашдаги ортиқча талабларни бекор қилиш вазифасини қўйди

22.10.2026 07:49

400

Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарёда ўтказилаётган йиғилишда банклардаги кредитлаш жараёнидаги ортиқча талаблар сақланиб қолаётганини танқид қилди. Ҳозир кредит олиш учун 102 турдаги ҳужжат сўралаётган бўлиб, шуларнинг 53 таси ахборот тизимларида мавжуд, яна 22 тасининг кредитга алоқаси йўқ.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга бағишланган йиғилишда кредитлашдаги ортиқча талабларни бекор қилиш вазифаси қўйилди.

Президент матбуот хизматининг қайд этишича, давлат раҳбари банклар аҳоли ва тадбиркорлар лойиҳаларига ресурс етказишда амалий натижа кўрсатиши зарурлигини таъкидлаган. Хусусан, Андижонда кредитни фақат гаровга боғламасдан, пул оқими ва аниқ буюртмага қараб ажратиш учун 20 та янги молиявий маҳсулот яратиш топшириғини Қашқадарёда ҳам натижа бериши кераклиги айтилган.

Банклар фаолияти янги маҳсулотлар сони билан эмас, улар ёрдамида ресурс олган корхоналар ва бизнеснинг ўсиши билан баҳоланиши лозимлиги таъкидланган.

Йиғилишда Президент томонидан кредитлашдаги ортиқча талабларни бекор қилиш вазифаси қўйилган.

«Ҳозир кредит олиш учун 102 турдаги ҳужжат сўралмоқда. Шуларнинг 53 таси ахборот тизимларида мавжуд, яна 22 тасининг кредитга алоқаси йўқ», - дейилади хабарда.

Бу ўзгаришлар маҳаллалардаги ташаббусларни молиялаштириш ва янги иш ўринлари яратишни тезлаштириши кераклиги қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат раҳбарининг йиғилишида банкларда 500 миллион сўмгача лойиҳаларни кредитлашда бизнес-режа талаб этилмаслиги хабар берилганди.



Теглар:

#Президент#йиғилиш#кредит

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган