Банкларда 500 миллион сўмгача лойиҳаларни кредитлашда бизнес-режа талаб этилмайди

25.09.2026 06:03

188

Ўзбекистонда банклар томонидан 500 млн сўмгача лойиҳаларни кредитлашда бизнес-режа талаб этилмайди, маблағ гаровга эмас, пул оқимига қараб ажратилади. Президент Андижонда бўлиб ўтган йиғилишда йил бошидан буён 35 минг киши гаров ёки кафил топа олмагани сабабли кредит ололмагани танқид қилган.

Фото: president.uz

Кеча, 24 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят иқтисодиёти жорий йилнинг биринчи ярмида 8,8 фоизга ўсгани қайд этилиб, келгуси йил учун камида 10 фоиз иқтисодий ўсиш ва 5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш вазифаси белгиланди.

Кун тартибидаги алоҳида масалалардан бири банкларнинг тадбиркорлар билан ишлаш тартиби бўлди. Президент матбуот котиби хабар беришича, йиғилишда давлат банкларини мижозлар бизнесини ўстириш тамойили асосида трансформация қилиш зарурлиги таъкидланди.

Йил бошидан буён гаров ёки кафил топа олмаган 35 минг кишига кредит берилмаган. Банклар анъанавий гаров ва бир хил стандарт шартлар билан чекланиб қолмаслиги кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Энди реал пул оқими, буюртма ва шартномалар, дебиторлик қарзи, товар айланмаси ҳамда бизнес занжирига асосланган комплекс молиявий маҳсулотлар кенг жорий қилинади. Хусусан, кичик тадбиркорнинг лидер корхона ёки йирик буюртмачи билан тузган узоқ муддатли шартномаси кредит гарови сифатида қабул қилинади.

Шунингдек, 500 миллион сўмгача лойиҳаларни кредитлашда бизнес-режа талаб этилмайди, кредит эса гаровга эмас, пул оқимига қараб ажратилади. Экспортбоп маҳсулот учун хомашё сотиб олишга бериладиган кредитларда эса суғурта полисининг ўзи гаров сифатида етарли бўлади.

Тўққизта давлат банкига бир ой ичида бизнесни ўстиришга кўмаклашадиган 20 та янги банк маҳсулотини таклиф этиш вазифаси қўйилди. Янги хизматларни аҳоли ва тадбиркорларга маҳалла банкирлари тушунтириб боради.

Эслатиб ўтамиз, 18 август куни Хивада тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда кичик бизнес учун гаров масаласини енгиллаштирадиган «контр-кафолат» тизими жорий қилиниши эълон қилинган эди. Унга кўра, 10 миллиард сўмгача кредитда тадбиркорнинг ўзига 25 фоиз гаров топиш кифоя қилади, «Бизнес старт» дастури доирасида эса тайёр бизнес-режа ва 200 миллион сўмгача гаровсиз кредит бериш йўлга қўйилади.

Аввалроқ 2026 йил 1 декабрдан кредит тарихи билан бир қаторда бизнес фаоллиги, коммунал тўловлар, айланма маблағлар ва солиқ маълумотларини ҳам таҳлил қиладиган муқобил скоринг модели жорий этилиши ҳақида хабар қилган эдик.

Теглар:

#бизнес#андижон

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган