Кредит-ахборот таҳлилий маркази (KATM) кредит бюроси «Кредитга тақиқ» хизматига уланган жисмоний шахслар бўйича навбатдаги статистик маълумотни эълон қилди. Унга кўра, 1 октябрь ҳолатига хизматга жами 2 841 475 нафар фуқаро уланган.
«Кредитга тақиқ» хизмати фуқарога ўз номига кредит шартномаси тузилишига тақиқ қўйиш имконини беради. Тақиқ фаол бўлган даврда шахс номидан кредит расмийлаштириш имконияти чекланади. Бу, айниқса, фирибгарлар бошқа шахснинг маълумотлари ёки ҳужжатларидан фойдаланиб кредит олишга уринаётган ҳолатлардан ҳимояланишда муҳим аҳамиятга эга.

Манба: KATM кредит бюроси
Бир йил аввал — 2025 йил 1 октябрь ҳолатига хизматга 149 465 нафар фуқаро уланган эди. Шундан буён фойдаланувчилар сони 2 млн 692 минг нафарга ёки 19 баробарга кўпайган. 1 январь ҳолатига бу кўрсаткич 438 322 нафарни ташкил этган бўлиб, йил бошидан буён хизматга 2 млн 403 минг нафар янги фойдаланувчи қўшилган — бу 6,5 баробар ўсиш демакдир.
Энг кескин ўсиш жорий йилнинг биринчи чорагида кузатилган: уч ой ичида хизматга 1 млн 769 минг киши уланиб, 1 апрель ҳолатига фойдаланувчилар сони 2 млн 207 минг нафарга етган, яъни беш баробар ошган. Иккинчи чоракда хизматга яна 366,3 минг нафар (16,6 фоиз) фуқаро қўшилиб, 1 июль ҳолатига уланганлар сони 2 млн 574 минг нафарни ташкил этган. Учинчи чоракда эса бу кўрсаткич 267,4 минг нафарга ёки 10,4 фоизга ошган. Ўсиш суръати секинлашган бўлса-да, мутлақ кўрсаткичлар юқорилигича қолмоқда: июль–сентябрь ойларида хизматга ҳар ойда ўртача 89 минг, кунига эса қарийб 2,9 минг киши уланган.
Хизматдан фойдаланувчиларнинг 1 656 387 нафари (58,3%) эркаклар, 1 185 088 нафари (41,7%) аёллардир. Ёш тоифалари кесимида эса хизматдан энг кўп 26–35 ёшли фуқаролар фойдаланмоқда — 842 206 нафар ёки умумий сонинг 29,6 фоизи. Иккинчи ўринда 26 ёшгача бўлган ёшлар турибди: 703 904 нафар (24,8%). Шу тариқа, фойдаланувчиларнинг ярмидан кўпи (54,4%) 36 ёшгача бўлган фуқаролардир. 36–45 ёшлилар 676 524 нафарни (23,8%), 46–55 ёшлилар 354 692 нафарни (12,5%), 56 ёшдан юқори фуқаролар эса 264 149 нафарни (9,3%) ташкил этади.
Фуқаролар «Кредитга тақиқ» хизматини мустақил равишда, онлайн ёки офлайн тарзда бепул ёқиши ва зарур бўлганда ўчириши мумкин. Онлайн усулда буни KATM мобил иловасининг «Бош саҳифа»сида «Кредитга тақиқ» хизматини танлаб, кредит бюросининг веб-сайтидаги шахсий кабинет бўлими орқали ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ва унинг мобил иловасидаги «Кредит битимини тузишга тақиқ қўйиш ёки тақиқни олиб ташлаш» хизмати орқали амалга ошириш мумкин. Офлайн тарзда эса хизматни мамлакат ҳудудидаги барча Давлат хизматлари марказлари орқали ёки KATM кредит бюросига шахсан ташриф буюриб фаоллаштириш ёки ўчириш мумкин.
Шахсий маълумотлардан фойдаланган ҳолда бошқа шахс номига кредит расмийлаштириш — онлайн фирибгарликнинг кенг тарқалган усулларидан бири. Бундай ҳолатда қарз мажбурияти жабрланувчининг зиммасида қолиб, унинг кредит тарихига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. «Кредитга тақиқ» хизмати бундай хавфни олдиндан камайтириш имконини беради. Агар фуқаронинг ўзи кредит олмоқчи бўлса, тақиқни вақтинча олиб ташлаб, кредит расмийлаштирилгач уни яна фаоллаштириши мумкин.
