Карталарнинг атиги 53 фоизи фаол ишлатилган — Марказий банк

21.08.2026 11:47

108

Марказий банк маълумотига кўра, битта катта ёшли аҳолига ўртача 3,2 та банк картаси тўғри келади, аммо сўнгги 12 ой давомида карталарнинг атиги 53 фоизи фаол ишлатилган. Аҳолида тўлов хизматларидан фойдаланиш имконияти ҳамда тўлов хизматларининг сифати юқори бўлса-да, улардан фойдаланиш даражаси пастлигича қолмоқда.

Фото: Bankers.uz

Аввал хабар берганимиздек, Марказий банк «Молиявий оммабоплик бўйича миллий индекслар» ҳисоботининг 2025 йил учун пилот нашрини эълон қилди. Ҳужжатда молиявий оммабоплик учта ўлчов — фойдаланиш имкониятининг мавжудлиги, фойдаланиш даражаси ва хизмат сифати бўйича, ҳар бир ўлчов эса кредит, депозит ва тўлов хизматлари кесимида баҳоланган.

Хусусан, катта ёшли аҳоли учун тўлов хизматларидан фойдаланиш имконияти 69 балл билан барча маҳсулотлар орасида энг юқори натижани қайд этган. Таққослаш учун: кредит маҳсулотлари бўйича бу кўрсаткич 64, жамғарма маҳсулотлари бўйича 56 баллни ташкил қилган.

Манба: Марказий банк

Натижага, аввало, банк карталари ва рақамли хизмат кўрсатиш каналларининг кенг тарқалгани таъсир кўрсатган. Катта ёшли аҳолининг 83 фоизи банк картасига эга, қарийб 77 фоизида интернет-банкингнинг фаол профили мавжуд, 86,3 фоизи эса мобил интернет орқали тўловларни амалга ошириш имкониятига эга.

Айни пайтда шу маҳсулот бўйича фойдаланиш даражаси 34 балл билан баҳоланган — бу аҳоли индексидаги энг паст кўрсаткич. Кредит маҳсулотлари бўйича фойдаланиш 47, жамғарма маҳсулотлари бўйича 68 балл.

Манба: Марказий банк

Бошқача айтганда, тўловлар йўналишида фойдаланиш имконияти билан амалда фойдаланиш ўртасидаги фарқ жуда катта — 35 баллни ташкил этади. Жамғарма маҳсулотларида эса ҳолат тескари: имконият 56 балл, фойдаланиш 68 балл.

Ҳисоботда бу ҳолат тўлов инфратузилмасининг миқдорий кенгайиши билан ундан амалда фойдаланиш ўртасида узилиш мавжудлиги сифатида изоҳланган. Карталар сонининг ўзи молиявий оммабопликка чекланган таъсир кўрсатади.

Тўлов фаоллигининг таркиби бўйича ҳисоботда алоҳида кўрсаткич келтирилган: жисмоний шахслар ўртасидаги P2P-ўтказмалар жами тўлов операцияларининг 69 фоизини ташкил этади. Ҳужжатда бу натижа аҳолида рақамли каналлар орқали маблағ ўтказиш одати мустаҳкам шаклланганидан далолат бериши, айни пайтда тўловлардан фойдаланиш сценарийлари нисбатан торлигича қолаётганини англатиши қайд этилган.

Ҳисоботдаги хулосага кўра, кейинги босқичдаги асосий вазифа тўловлардан фойдаланишни фақат пул ўтказмалари билан чеклаб қолмасдан, уларни товар ва хизматлар учун кундалик ҳисоб-китоблар, коммунал ва бошқа мунтазам тўловларга татбиқ этишдан иборат.

Тўлов хизматларининг сифат даражаси 74 балл билан барча маҳсулотлар орасида энг юқори баҳони олди. Кредит маҳсулотлари бўйича бу кўрсаткич 71, жамғарма маҳсулотлари бўйича 53 балл.

Манба: Марказий банк

Шу билан бирга, ҳисоботда сифат баҳосининг методологик чегараси алоҳида изоҳланган. Пилот босқичда сифат Марказий банк ёки истеъмолчилар томонидан бериладиган ташқи баҳо эмас, балки мавжуд статистик кўрсаткичлар — мурожаат ва шикоятларнинг сони ва таркиби, уларни кўриб чиқиш сифати, кредит портфелининг барқарорлиги орқали ўлчанади.

Тўлов ва жамғарма хизматлари бўйича рўйхатга олинган мурожаат ва шикоятлар сони пастлигича қолмоқда. Ҳужжатда таъкидланишича, шикоятлар сонининг камлиги жиддий муаммолар камлигини ҳам, мижозларнинг мурожаат қилиш тартиби тўғрисида етарлича хабардор эмаслигини ҳам англатиши мумкин.

Кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари учун тўловларнинг мавжудлиги индекси 19 балл билан баҳоланган. Бу — пилот ҳисоботдаги барча кўрсаткичлар орасида энг паст натижа. Шу сегментда кредит маҳсулотлари бўйича имконият 50, жамғарма маҳсулотлари бўйича 44 балл; кредит ва тўлов йўналишлари ўртасидаги тафовут 31 баллни ташкил этади.

Манба: Марказий банк

Баҳога ҳар бир тадбиркорлик субъектига тўғри келадиган рўйхатдан ўтган электрон ҳамённинг сони таъсир кўрсатган. Ҳисоботда бу натижа нақдсиз тўловларни қабул қилиш ва рақамли тўлов воситаларидан фойдаланиш кичик ва ўрта бизнес фаолиятида ҳали кенг тарқалган амалиётга айланмагани сифатида изоҳланган.

Кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларининг қарийб 72 фоизи асосий банк ҳисобварағига эга — яъни ҳисобварақ мавжудлиги ўз-ўзидан нақдсиз тўловни қабул қилиш имкониятини англатмайди. Айрим тоифаларда, жумладан деҳқон хўжаликлари ва ҳунармандларда алоҳида банк ҳисобварағига эга бўлиш фаолият юритишнинг мажбурий шарти эмаслиги ҳам қайд этилган.

Тўлов хизматларининг сифат даражаси бўйича бу сегментда алоҳида баҳо шакллантирилмаган — етарли даражада батафсил маълумотлар мавжуд эмас.

Ҳисоботда нақдсиз айланманинг чекланганлиги кредитлаш билан боғланган: электрон тушум ва харажатлар корхонанинг айланмаси бўйича тасдиқланган тарихни шакллантириб, кредит ташкилотлари учун кредит рискини аниқлашда ва пул оқимларининг ҳажми, мунтазамлиги ҳамда мавсумийлигини баҳолашда фойдаланилади. Нақдсиз айланма чекланган шароитда кредитга лаёқатлиликни баҳолашда гаров ва аввал шаклланган кредит тарихига таяниш даражаси ортади. Ҳозирда кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига ажратилаётган микрокредитларнинг атиги қарийб 5 фоизи тўлиқ онлайн каналлар орқали расмийлаштирилмоқда.

Хулоса қисмида аҳоли бўйича асосий эътибор янги карталар сонини кўпайтиришга эмас, мавжуд воситалардан фаол фойдаланишни рағбатлантиришга қаратилиши лозимлиги кўрсатилган. Йўналишлар сифатида савдо эквайрингини ривожлантириш, рақамли каналлар орқали кундалик тўловлар кўламини кенгайтириш ҳамда аҳолининг рақамли молиявий кўникмаларини ошириш санаб ўтилган.

Кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари бўйича ҳисобварақ, корпоратив карта, тўловларни қабул қилиш, айланмани ҳисобга олиш ва молиялаштириш имкониятини ягона рақамли мижоз йўлига бирлаштириш таклиф этилган. Ҳужжатда «embedded finance» ечимлари молиявий хизматларни бизнеснинг кундалик жараёнларига интеграция қилиб, операцион харажатларни камайтириши ва кредитлаш учун тўлиқроқ ахборот базасини шакллантириши қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк молиявий оммабоплик бўйича илк бор миллий индексларни эълон қилганди, унда аҳоли бўйича индекс 59, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари бўйича эса 49 балл билан баҳоланган.

Теглар:

#карта#пластик_карта#банкомат#молиявий_саводхонлик#молиявий_оммабоплик

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган