Марказий банк Банк назорати қўмитасининг август ойидаги иши якунлари бўйича ҳисоботи эълон қилинди. Маълум бўлишича, ўтган ой давомида қўмита 7 марта йиғилган ва жами кўриб чиқилган 34 та масала бўйича тегишли қарорлар қабул қилинган.
Рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида жами 21 та масала кўрилган. Улар орасида кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш (9 та), микромолия ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш ва тўлов ташкилотига лицензия бериш (3 та), кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат бериш (3 та), шунингдек тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш (5 та) билан боғлиқ масалалар бор. (Манбада келтирилган таркибий рақамлар йиғиндиси 20 тани ташкил этади - таҳр.)
Кредит ва тўлов ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 13 та масала муҳокама қилинган. Хусусан, Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлари талабларига риоя этилиши, банк ва нобанк кредит ташкилотларида ўтказилган инспекция текширувлари натижалари, ташкилотларнинг молиявий хизматларини «тартибга солиш қумдони» доирасида синовдан ўтказиш ҳамда банк филиаллари ва бўлинмаларида ўтказилган назорат тадбирлари кўриб чиқилган.
Пруденциал норматив талабларига риоя этилмаганлиги, қонунчилик талабларига мувофиқ фаолият юритилмаганлиги, шунингдек инспекция текширувлари ва «сирли мижоз» назорат тадбирларида аниқланган қоидабузарликлар учун 22 та банк ва 3 та микромолия ташкилотига нисбатан жарима санкциялари қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, июнь ойида қўмита 7 марта йиғилиб, 34 та масалани кўриб чиққан, ўшанда 21 та банк, 1 та микромолия ва 1 та тўлов ташкилотига жарима қўлланилганди. Шунингдек, яна 23 та банк чора ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилган эди.
Қўмитанинг июль ойидаги ҳисоботи эълон қилинмаган.
