KDB Bank Uzbekistan улушнинг сотилиши ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

09.10.2026 16:57

145

Корея тараққиёт банки (KDB)нинг Ўзбекистондаги шўъба банки - KDB Bank Uzbekistan ўзининг "сотилиши мумкинлиги" ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди. Банк маълумотига кўра, KDB хориждаги бўлинмаларини мунтазам равишда қайта кўриб чиқади, бироқ улушни сотиш бўйича қарор қабул қилинмаган.

Фото: KDB Bank Uzbekistan /AI

KDB Bank Uzbekistan кеча ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарлар юзасидан расмий баёнот эълон қилди. Мазкур хабарларда KDB банкдаги акцияларини сотиш ниятида экани айтилган эди.

Баёнотда KDB хориждаги филиаллари ва шўъба ташкилотлари бўйича стратегик масалаларни даврий равишда умумий кўриб чиқиши, бу жараён Ўзбекистондаги банкни ҳам қамраб олиши тасдиқланган. Шу билан бирга, KDB Ўзбекистондаги шўъба банкдаги улушини сотиш бўйича ҳеч қандай қарор қабул қилмагани маълум қилинган.

Банк маълумотига кўра, KDB Bank Uzbekistan KDB'нинг хориждаги асосий шўъба ташкилотларидан бири бўлиб қолмоқда ва бош банкнинг доимий кўмаги билан фаолиятини давом эттирмоқда.

KDB Bank Uzbekistan акцияларининг 86,32 фоизи KDB'га, 10,31 фоизи Ўзмиллийбанкка, 3,37 фоизи Туронбанкка тегишли. Аудитдан ўтган молиявий ҳисоботига кўра, 2025 йил якунида банк активлари 13 триллион 117 миллиард сўмга етган, йиллик соф фойда эса 689 миллиард 922 миллион сўмни ташкил этган. Жорий йилнинг биринчи ярмида банк 403,4 миллиард сўм соф фойда олган ва бу кўрсаткич бўйича 34 та банк орасида 10-ўринни эгаллаган.

Аввалроқ Жанубий Кореянинг Maeil Business Newspaper нашрига таяниб, KDB хориждаги 25 та бўлинмаси самарадорлигини қайта кўриб чиқаётгани ва бу доирада Ўзбекистондаги шўъба банкни сотиш варианти ўрганилаётгани ҳақида хабар қилган эдик. Нашр манбаларига кўра, KDB асосий харидор сифатида Ўзбекистонга кириб келаётган Shinhan Bank ва Hana Bank'нинг қизиқишини ўрганиш учун сўров ўтказган. Ўшанда ҳам KDB аниқ қарор ҳали қабул қилинмаганини маълум қилган, инвестиция банкинги соҳаси вакили эса банк ичида сотишга қарши фикрлар борлигини айтган эди. KDB Bank Uzbekistan баёнотида бу маълумотлар бўйича изоҳ берилмаган.


Теглар:

#КДБ_Банк

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган