Августда Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 7,8 млрд долларга кўпайди

09.09.2026 07:31

86

Ўзбекистоннинг халқаро захиралари июлдаги кичик ўсишдан сўнг август ойида 7 млрд 787,9 млн долларга кўпайиб, 72,14 млрд долларга етди. Ойлик ўсишга ой давомида олтин физик ҳажмининг кўпайиши ва нархининг қимматлашиши асосий сабаб бўлди.

Фото: Bloomberg

Марказий банк томонидан Ўзбекистон олтин-валюта захираларининг 1 сентябрь ҳолатига ҳисоботи эълон қилинди.

Маълумотларга кўра, расмий захира активлари август ойи давомида 7 млрд 787,9 млн долларга (12,1 фоизга) кўпайиб, унинг жами миқдори 64 млрд 347 млн доллардан 72 млрд 135 млн долларгача кўтарилган.

Манба: Марказий банк маълумотлари

Захираларнинг ўсишига олтин қийматининг 8 млрд 806,2 млн долларга ошиши сабаб бўлган. Захиранинг қолган таркибий қисмлари эса қисқарган: хорижий валютадаги захира активлар 6 млрд 635,4 млн долларгача (-1 016,9 млн доллар), ХВЖда маблағ жалб қилишга доир махсус ҳуқуқлар (СДР) 571,0 млн долларгача (-1,4 млн доллар) камайган.

Валюта активларининг қисқариши асосан нақд валюта ва депозитлар ҳисобига юз берган: улар 5 млрд 890,2 млн доллардан 4 млрд 869,9 млн долларга тушган. Жумладан, бош офиси хорижда жойлашган банклардаги маблағлар 890,5 млн долларга, бошқа марказий банклар ва ХВЖдаги маблағлар 129,8 млн долларга камайган.

Август ойида олтин захираларининг доллардаги қиймати 64 млрд 928,5 млн долларни ташкил этган. Захирадаги олтиннинг бир унциядаги қиймати ой давомида 4 052,2 доллардан 4 601,6 долларга кўтарилган.

Нарх кўтарилиши билан бир қаторда Марказий банк соф олтин сотиб олиш ҳажмини ҳам оширган. Натижада олтиннинг жисмоний (физик) ҳажми 13,85 млн трой унциядан 14,11 млн трой унцияга ошган — бир ойда захирага 260 минг трой унция (қарийб 8,1 тонна) олтин қўшилган. Ушбу икки омилни ажратиб кўрсак, олтин қийматининг 8,8 млрд долларлик ўсишидан қарийб 7,6 млрд доллари нарх кўтарилиши, тахминан 1,2 млрд доллари эса жисмоний ҳажмнинг ортиши ҳисобига тўғри келади.

Марказий банк ҳисоботидаги изоҳда ҳам ойлик ўсиш асосан нарх омили билан изоҳланган: регуляторнинг маълум қилишича, олтин нархининг бир унция учун 4 052,20 доллардан 4 602,00 долларга ўсиши захираларга +7,8 млрд долларлик таъсир кўрсатган.

Захиралар тузилмасида олтиннинг улуши 90,01 фоизга етган, валютадаги активларнинг улуши эса 9,99 фоизни ташкил этмоқда. Маълумот учун: 1 август ҳолатига олтиннинг улуши 87,22 фоиз эди — бир ой ичида кўрсаткич 2,79 банд юқорилаган.

Қимматли қоғозлар бўйича август ойида ўсиш кузатилган: улар 3,4 млн долларга кўпайиб, 1 млрд 765,5 млн долларни ташкил қилди.

Расмий захира активларига кирмайдиган, хорижий валютадаги бошқа активлар эса 196,3 млн доллардан 128,7 млн долларга тушган. Бу гуруҳда депозитлар 82,8 млн долларга камайган, захира активларига киритилмаган олтин ҳажми эса 15,2 млн долларга ошиб, 93,8 млн долларни ташкил этган.

Августдаги кескин ўсиш захираларнинг йил давомидаги нотекис ҳаракатидан кейин юз берган. Кўрсаткич февраль якунида 77 млрд 86,4 млн долларгача кўтарилиб, йилнинг энг юқори нуқтасига чиққан, июнь якунига келиб эса 63 млрд 757,3 млн долларгача пасайган эди.

Шундай қилиб, август якунидаги 72 млрд 135,0 млн доллар рекорд эмас: кўрсаткич февралдаги чўққидан ҳамон 4 млрд 951,4 млн доллар паст турибди.


Манба: Марказий банк маълумотлари

1 январь ҳолатига мамлакатнинг расмий захира активлари 66 млрд 311,8 млн долларни ташкил этган эди: саккиз ой ичида захиралар 5 млрд 823,2 млн долларга (8,8 фоизга) кўпайган.

Айни пайтда захиранинг ички тузилмаси сезиларли ўзгарган. Хорижий валютадаги захира активлар йил бошидаги 10 млрд 644,5 млн доллардан 6 млрд 635,4 млн долларга тушган — қисқариш 4 млрд 9,1 млн долларни ёки 37,7 фоизни ташкил этади. Олтин қиймати эса 55 млрд 92,4 млн доллардан 64 млрд 928,5 млн долларга ошган.

Жисмоний ҳажм ҳам ортган: олтин захираси йил бошидаги 12,6 млн трой унциядан 14,11 млн трой унцияга, яъни 1,51 млн трой унцияга (тахминан 47 тонна) кўпайган. Натижада олтиннинг захиралардаги улуши 1 январдаги 83,08 фоиздан 90,01 фоизга кўтарилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг халқаро захиралари июль ойида 590 млн долларга кўпайган эди.

Теглар:

#олтин-валюта

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган