Микрокредитбанкка бошқарув раиси тайинланди

12.06.2026 18:48

1 176

2019 йилдан жорий йил март ойигача Ипак Йўли банки бошқаруви раиси ўринбосари, март ойидан буён эса ANORBANK'да бошқарув раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган Малик Абдуахатович Авазов Микрокредитбанк бошқаруви раиси этиб тайинланди.

Фото: ANORBANK

"Микрокредитбанк" акциядорлик тижорат банки бошқаруви раиси лавозимига Малик Абдуахатович Авазов тайинланди. Bankers.uz манбалари бугун банкда М.Авазовнинг таништирув маросими бўлаётгани ҳақида хабар бермоқда.

Малик Абдуахатович Авазов 1979 йилда туғилган. 2000 йилда Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт академиясини «Иқтисодиёт» мутахассислиги бўйича тамомлаган. Банк-молия соҳасидаги меҳнат фаолиятини 2001 йилдан бошлаган.

М.Авазов меҳнат фаолияти давомида бир неча йил "Ипак Йўли" банкида турли лавозимларда, хусусан, 2019 йилдан 2026 йил март ойигача мазкур банкда бошқаруви раиси ўринбосари – Бош маъмурий директор (CAO - Chief Administrative Officer) сифатида ишлаган. Жорий йилнинг март ойидан "ANOR BANK" АЖ бошқаруви раиси ўринбосари лавозимига ўтган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг февраль ойидан Микрокредитбанк раиси лавозимида ишлаган Ориф Бўтаев жорий йил май ойида Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари – Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги директори лавозимига тайинланган эди.

Теглар:

#микрокредитбанк#авазов

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган