Бизнесни ривожлантириш банки акциядорларининг 2026 йил 3 сентябридаги навбатдан ташқари умумий йиғилишида бир нечта масалалар кўриб чиқилди, хусусан банк Кузатув кенгаши таркиби янгиланди.
Кузатув кенгаши таркибидан Нодирбек Хусанов, Мансурхожа Юсупхожаев, Р. Энгин Акчакоджа (R. Engin Akçakoca) ва Мантас Сукявичюс (Mantas Sukevicius) чиқарилди.
Янги таркибга Ричард Огдон (Richard Ogdon), Дэвид Клив (David Nigel Cleave), Беҳзод Ҳошимов ва Беҳруз Зиядуллаев киритилди. Улардан Зиядуллаев Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бош мутахассиси, қолган учтаси эса мустақил аъзо ҳисобланади. Йиғилиш кенгашнинг барча тўққиз аъзосини уч йиллик муддатга сайлади.
Кузатув кенгашининг янги таркиби
- Илҳом Норқулов — Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари, амалдаги банк Кузатув кенгаши раиси;
- Тимур Хусанов — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги департамент директори, амалдаги банк Кузатув кенгаши раиси ўринбосари;
- Беҳруз Зиядуллаев — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бош мутахассиси;
- Зумрат Ибрахимжанова — Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси бошқарма бошлиғи;
- Саидкамол Ходжаев — мустақил аъзо;
- Беҳзод Ҳошимов — мустақил аъзо;
- Бруно Балванера (Bruno Balvanera) — мустақил аъзо;
- Ричард Огдон (Richard Ogdon) — мустақил аъзо;
- Дэвид Клив (David Nigel Cleave) — мустақил аъзо;
Аввалги тўққиз кишилик таркибда мустақил аъзолар тўрт нафар бўлган бўлса, янги таркибда уларнинг сони бештага етди ва улар кенгашда кўпчиликка айланди: Саидкамол Ходжаев, Беҳзод Ҳошимов, Бруно Балванера, Ричард Огдон ва Дэвид Клив.
Давлат вакиллари томонида эса жамланиш кузатилмоқда. Аввал кенгашда Давлат активларини бошқариш агентлиги вакили ҳам бор эди; янги таркибда давлат манфаатларини Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг уч вакили ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг бир вакили ифода этади.
Мустақил аъзоларнинг географияси ҳам ўзгарди: Туркия ва Литва вакиллари ўрнини икки британиялик мутахассис эгаллади. Кенгашдаги беш мустақил аъзодан тўрттаси халқаро тажрибага эга.
Беҳзод Ҳошимов
1993 йилда Тошкентда туғилган, иқтисодчи. Сингапурнинг Наньян технология университетида амалий математика бўйича бакалавр даражасини олган (2015), Висконсин-Мэдисон университетида иқтисодиёт магистри ва бизнес бўйича PhD даражаларини ҳимоя қилган.

Беҳзод Ҳошимов / Фото: khoshimov.com
2016–2024 йилларда Висконсин-Мэдисон университети қошидаги Wisconsin Institute for Discovery'да постдокторант тадқиқотчи бўлган. 2024 йилдан Нью-Йорк университетининг Абу-Дабидаги кампусида (NYU Abu Dhabi) «Бизнес, ташкилотлар ва жамият» йўналиши бўйича ассистент профессор. Тадқиқот йўналишлари — тадбиркорлик ва венчур капитали ҳисобланади.
Ўзбекистонда кенг жамоатчиликка иқтисодий мавзулардаги оммабоп фаолияти орқали ҳам танилган: «Hoshimov's Economics» YouTube каналининг муаллифи, «Иқтисодчи кундалиги» Telegram блоги муаллифи, иқтисод, молия ва банк соҳасида миллий интернет-нашрлардаги бир неча ўнлаб мақола ва чиқишлар муаллифи ҳисобланади. «Мамлакатлар таназзули сабаблари» китобининг ўзбек тилига таржимаси ташаббускорларидан бири (2023 йил).
Банк секторидаги тажрибаси 2020 йилдан бошланган — ўшандан буён «Микрокредитбанк» АТБ Кузатув кенгаши аъзоси ҳисобланади. Bankers.uz маълумотларига кўра, унинг Микрокредитбанк кенгашидаги аъзолиги масаласи 18 сентябрдаги акциядорлар умумий йиғилишида кўриб чиқилади ва у янги таркибга номзод сифатида киритилмаган.
Ричард Огдон
Буюк Британия фуқароси, халқаро молия, инвестиция ва корпоратив бошқарув соҳаларида 30 йилдан ортиқ тажрибага эга мутахассис. Оксфорд университетининг Линколн коллежида классик филология ва замонавий тиллар бўйича таҳсил олган, Этон коллежи битирувчиси.

Ричард Огдон / Фото: Ameriabank
Фаолиятини Москва ва Лондонда инвестиция банкири сифатида бошлаган, постсовет ҳудудидаги дастлабки капитал бозори битимларида иштирок этган. 2012–2018 йилларда Буюк Британия FCA назорати остидаги Sova Capital қимматли қоғозлар компаниясида Аудит қўмитаси ва ички аудит тизимини ташкил этган. 2017–2022 йилларда МДҲ мамлакатларидан биридаги суверен тўғридан-тўғри инвестициялар институтида халқаро активларни бошқариш бўйича директор лавозимида ишлаган.
2020 йилдан буён Арманистоннинг Ameriabank Кузатув кенгаши мустақил аъзоси: у ерда Риск қўмитасига раҳбарлик қилади ва Аудит қўмитаси таркибига киради. Шунингдек, Маврикий молия хизматлари комиссияси назоратидаги Altai-Global инвестиция дилерининг директори, Дилижандаги Бирлашган жаҳон коллежи (UWC Dilijan) губернатори ва унинг Молия ҳамда аудит қўмитаси раиси.
Ушбу тайинловнинг алоҳида жиҳати бор: Ameriabank — Грузиянинг Lion Finance Group холдинги шўъба банки. Холдинг раҳбарияти яқинда Ўзбекистон ва Қозоғистонда банк сотиб олиш ниятини маълум қилган, мақсадли объектлар сифатида бозорнинг топ-3 – топ-5 ўйинчилари кўрилаётганини айтган эди.
Дэвид Клив
Лондонда фаолият юритувчи банк-молия мутахассиси. ING Barings ва Raiffeisen Bank каби халқаро молия институтларида ишлаган.

Дэвид Клив / Фото: AUBG
Болгариядаги Америка университети (AUBG) Васийлик кенгаши аъзоси, унинг Молия ва мулк қўмитаси ҳамда Инвестиция кичик қўмитаси таркибига киради. Қозоғистонда рўйхатдан ўтган Innoex МЧЖ таъсисчиларидан бири ва директори — яъни Марказий Осиё бозори билан ишлаш тажрибасига эга.
Бруно Балванера
Кенгашда аввалдан фаолият юритиб келаётган мустақил аъзо. 2018 йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ)нинг Марказий Осиё бўйича бошқарувчи директори этиб тайинланган. Ҳозирда Грузиянинг Liberty Bank Кузатув кенгаши аъзоси ҳамда Impact Boards Emerging Markets маслаҳатчиси — Ричард Огдон ҳам шу тармоқ аъзоси ҳисобланади.

Бруно Балванера / Фото: eugbc.net
Янги сайланган аъзолар «Банк фаолиятига рухсат бериш тартиби ва шартлари тўғрисида»ги низом талабларига мувофиқ Марказий банк билан келишилгандан сўнг ўз вазифаларини бажаришга киришади. Мустақил аъзоларга ҳақ тўлаш улар билан тузиладиган шартномалар ва банкнинг ички қоидалари асосида амалга оширилади.
