Халқ банки Forbes'нинг жаҳон банклари рейтингидан жой олди

11.09.2026 11:10

161

Forbes илк марта World's Top Performing Banks — молиявий кўрсаткичлар бўйича дунёнинг энг самарали банклари рейтингини эълон қилди. 89 давлатдан 500 та банк киритилган рўйхатда Ўзбекистондан ягона вакил — Халқ банки жой олган. Бу қанақа рейтинг, унга қандай кирилади ва ўзбек банклари илгари Forbes рўйхатларида бўлганми — мақолада ўқинг.

Фото: Халқ банки

Рейтинг 9 сентябрь куни Forbes сайтида эълон қилинди. Нашр рўйхатни тадқиқот компанияси Statista билан ҳамкорликда тузган. Банклар активлари ҳажмига қараб олтита тоифага бўлинган ва ҳар бир банк ўз тоифаси ичида баҳоланган — яъни 142-ўрин 500 талик умумий рўйхатдаги эмас, кичик банклар гуруҳидаги позицияни англатади.

Манба: Forbes, Statista

Рейтинг нима асосида тузилди

Бу рейтинг Forbes'нинг банклар бўйича аввалги рўйхатларидан фарқ қилади: у мижозлар сўровига эмас, объектив молиявий маълумотларга таянади. Маълумотлар S&P Capital IQ базасидан, ошкор манбалардан ва банкларнинг ўзи тақдим этган ҳисоботлардан олинган, ҳисоб-китобда сўнгги уч йиллик аудит қилинган молиявий ҳисоботлар ишлатилган.

Якуний балл тўртта блокдан ташкил топади:

  • рентабеллик — 30 фоиз (ўртача активларга даромадлилик, харажатларнинг даромадларга нисбати, соф фоиз маржаси);
  • капитал ва фондлаш барқарорлиги — 25 фоиз (капиталнинг активларга нисбати, кредитларнинг депозитларга нисбати);
  • активлар сифати ва самарадорлиги — 25 фоиз (кредит сифати, рискларни бошқариш, баланс барқарорлиги);
  • ўсиш суръати ва даромад сифати — 20 фоиз (уч йил давомида фойда ўсиши, унинг барқарорлиги, депозитлар ўсиши).

Бошқача айтганда, рейтингда банкнинг ҳажми эмас, айни ҳажмда қанчалик самарали ишлагани ҳисобга олинади. Шунинг учун тоифалар етакчилари орасида Сингапурнинг OCBC Bank'и билан бир қаторда Зимбабведан CBZ Bank, Молдовадан maib ва Филиппиндан Asia United Bank турибди.

Кимлар рўйхатга даъвогар бўла олади

Forbes методологиясига кўра, банк қуйидаги талабларга жавоб бериши керак: депозит қабул қилиш лицензиясига эга бўлиши, аҳоли ва корпоратив мижозларга кредит бериши, активлари 3 миллиард доллардан ошиши, халқаро стандартларга солиштириш мумкин бўлган ҳисоб юритиши ва кетма-кет уч йил учун аудит қилинган молиявий ҳисоботларини эълон қилган бўлиши шарт.

Рейтингда активларнинг қуйи чегараси — 3 миллиард доллар — жорий курс бўйича тахминан 35,5 триллион сўмни ташкил қилади.

Марказий банк маълумотига кўра, 2026 йил 1 июль ҳолатига мамлакатда фаолият юритаётган 34 та банкнинг жами активлари 1 квадриллион (1 005,8 триллион) сўмга етган, шундан 627,9 триллион сўми (62 фоизи) давлат улуши мавжуд тўққизта банк ҳиссасига тўғри келади.

Активлари 35,5 триллион сўмдан ошадиган, яъни Forbes'нинг ҳажм бўйича талабига жавоб берадиган банклар сони — 10 та (ҳисоб-китоб таҳририятники): Ўзмиллийбанк, Агробанк, Ўзсаноатқурилишбанк, Капиталбанк, Асакабанк, Халқ банки, Ипотека-банк, Ҳамкорбанк, Бизнесни ривожлантириш банки ва Алоқабанк. Рейтингга эса улардан биттаси - Халқ банки кирган.

Халқ банки қайси тоифада

Халқ банки 3–10 миллиард доллар оралиғидаги активларга эга кичик банклар тоифасига киритилган. Банкнинг 2026 йил учун бизнес-режасида активлари 62,7 триллион сўм, кредит портфели 40,3 триллион сўм, капитали 11,2 триллион сўм этиб белгиланган — доллар ҳисобида бу тахминан 5,3 миллиард долларни ташкил қилади (таҳр.).

Ўша ҳужжатга кўра, банк 2026 йилни 748 миллиард сўм соф фойда билан якунлашни, активларга даромадлилик (ROA) кўрсаткичини 1,3 фоиз, капиталга даромадлилик (ROE) кўрсаткичини 6,9 фоиз, соф фоиз маржасини 6,7 фоиз даражасида сақлашни режалаштирган. Муаммоли кредитлар улуши 2024 йилдаги 4,2 фоиздан 2025 йилда 3,4 фоизга туширилган, 2026 йил учун 3,2 фоиз мўлжалланган. Капитал етарлилиги коэффициенти 19,2 фоиз (меъёр — 13 фоиз), ликвидликни қоплаш коэффициенти 195,5 фоизни ташкил қилади.

Forbes ҳар бир тоифадаги банклар сонини алоҳида кўрсатмагани боис, рейтингдаги у ёки бу банк ўринини (юқори, ўрта ёки паст) баҳолаш имкони йўқ.

Илгари ўзбек банклари Forbes рўйхатларига кирганми

Forbes 2019 йилдан бери World's Best Banks рейтингини эълон қилиб келади, лекин у бутунлай бошқа принципга — мижозлар сўровига асосланган ва Statista маълумотига кўра, атиги 27 та давлатни қамраб олади: АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Япония, Германия, Буюк Британия, Саудия Арабистони, БАА ва бошқалар. Ўзбекистон ҳам, Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳам бу рўйхатга киритилмаган, шунинг учун ўзбек банклари унда қатнаша олмаган.

Бу йил эълон қилинган самарадорлик рейтинги эса давлатлар рўйхати билан чекланмайди — банк ўзи жойлашган мамлакатдан қатъи назар, ҳажм ва ҳисобот бўйича талабларга жавоб берса, таҳлилга тушади. Натижада Ўзбекистон биринчи марта Forbes'нинг глобал банк рейтингида вакилликка эга бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Bankers.uz Ўзбекистонда давлат банкларини хусусийлаштириш 2026 йилда режалаштирилмагани, жараён 2027 йилдан бошланиши ҳақида хабар қилган эди. Февраль ойида қабул қилинган президент қарори билан Халқ банкидаги 30 фоизлик давлат улуши Миллий инвестиция жамғармаси портфелидан ҳам чиқарилган.

Теглар:

#Халқ банки#forbes

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган