Июлда Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари қарийб 590 млн долларга кўпайди

10.08.2026 06:17

200

Ўзбекистоннинг халқаро захиралари июндаги пасайишдан сўнг, июль ойида 589,8 млн долларга ўсди ва 64,35 млрд долларга етди. Ўсишга ой давомида олтиннинг физик ҳажми камайса-да, нархининг қимматлашиши асосий сабаб бўлди. Тарихда илк бор портфелдаги қимматли қоғозларнинг қарийб 40 фоизи ($1,1 млрд) сотиб юборилди.

Фото: Bloomberg

Марказий банк томонидан Ўзбекистон олтин валюта захираларининг 1 август ҳолатига ҳисоботи эълон қилинди. Маълумотларга кўра, мамлакатнинг халқаро захиралари июль ойида 589,8 млн долларга кўпайиб, 64 млрд 347,1 млн долларни ташкил қилган.

Захираларнинг кўпайишига барча турдаги захира активлар ва чет эл валютасидаги бошқа активларнинг кўпайиши сабаб бўлган. Хусусан, хорижий валютадаги захира активлар 7,65 млрд долларгача (+208,8 млн доллар), ХВЖдаги маблағ жалб қилишга доир махсус ҳуқуқлар (СДР) 572,4 млн долларгача (+15,7 млн доллар), олтин 56,12 млрд долларгача (+365,3 млн доллар), хорижий валютадаги бошқа активлар 196,3 млн долларгача (+93,7 млн доллар) кўпайган.

Манба: Марказий банк

Ўзбекистон Республикасининг ялпи халқаро захиралари ҳажми 2026 йил июль ойида 0,59 млрд. долларга ошди. Хусусан, ой давомида олтин нархининг 4016,70 доллардан 4052,20 долларгача ўсишининг таъсири +0,49 млрд. долларни ташкил этди, дейилади Марказий банк изоҳида.

Июль ойида олтин нархининг кўтарилиши ҳисобига олтин захираларининг доллардаги қиймати 56 млр 122,3 млн долларни ташкил этди.

Шунга қарамай, Марказий банк томонидан соф олтин сотиб олиш ҳажми камайган. Натижада олтиннинг жисмоний вазни 13,88 млн унциядан 13,85 млн трой унцияга камайган. Умумий ҳисобда бир ойда захирадан 30 минг трой унция олтин олинган. 

Захиралар таркибида пайдо бўлганидан бери биринчи марта қимматли қоғозларнинг сотуви қайд этилган. Ўтган ойда портфелда мавжуд қоғозларнинг қарийб 40% — 1,1 млрд долларлик қисми сотилган.

Захиралар тузилмасида олтиннинг улуши 87,22%, хорижий валюта активларининг улуши эса 11,89% даражасида бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг халқаро захиралари июнь ойида 6,8 млрд долларга камайган эди.

Теглар:

#олтин-валюта

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган