АТ "Алоқабанк" кузатув кенгашининг 3 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида банк бошқарув тизимини такомиллаштириш масаласи кўриб чиқилди. Бу ҳақдаги тегишли маълумот корпоратив ахборот ягона порталида эълон қилинди.
Йиғилиш баённомасида қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йилги ёшлар билан очиқ мулоқоти доирасида Алоқабанкда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш масалаларига масъул бошқарув раиси ўринбосари лавозимини жорий этиш топшириғи берилган.
Қарорга кўра, банк штатлар жадвалига қўшимча равишда бошқарув раиси ўринбосарининг 1 та бирлиги киритилди. Ушбу лавозимга Турсунов Искандар Умаржонович тайинланиб, у бир вақтнинг ўзида банк бошқаруви аъзолигига ҳам сайланди. Айни пайтда бошқарув аъзоси бўлган Турсунов Олтибой Умирзақовичнинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилди. Якунда банк бошқаруви 7 нафар аъзодан иборат (ўзгаришсиз) бўлиб қолмоқда.
Тайинлов масаласи дастлаб банк бошқарувининг 2026 йил 3 августдаги йиғилишида кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинган. Кейинчалик у Кадрлар ва мукофотлаш қўмитасининг 2026 йил 28 августдаги баённомасида маъқулланган.
Банк сайтидаги маълумотга кўра, Искандар Турсунов шу пайтгача Алоқабанкнинг Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги «IT Park» ҳудудий кредит-хизмат кўрсатиш маркази (ҲКХКМ, МФО 00401) директори лавозимида ишлаб келган.
Маълумот учун, "Банк фаолиятига рухсат бериш тартиби ва шартлари тўғрисида"ги Низомнинг 77-бандига кўра эса, банк бошқаруви аъзолари, шу жумладан раиси ва унинг ўринбосарлари лавозимга киришишидан олдин Марказий банк билан келишиб олиниши лозим. Низомнинг 107-бандида номзодни лавозимга сайлаш (тайинлаш) тўғрисидаги қарордан кўчирма келишув учун Марказий банкка тақдим этилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, Алоқабанкни ёш тадбиркорларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватловчи "ёшлар банки"га айлантириш ҳақида Президент 2025 йил февраль ойида ёшлар билан учрашувда эълон қилган эди. Ўшанда банкка шу мақсадда 200 миллион доллар йўналтирилиши, микроқарзлар 7 йил муддатга 100 миллион сўмгача берилиши ва "Aloqa Ventures" жамғармаси орқали стартапларга 50 минг доллардан 1 миллион долларгача сармоя киритилиши белгиланган эди.
