OSON финтех-холдинги ва WeChat сервиси ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйди. Томонларнинг ҳамкорлик меморандуми Тошкентда бўлиб ўтаётган «Silk Road Finance & Technology» форуми доирасида имзоланди. Келишувнинг асосий мақсади — Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги пул ўтказмалари ҳамда ҳисоб-китоб жараёнларини янада содда ва тезкор қилишдан иборат.
WeChat — «Tencent» томонидан ишлаб чиқилган Хитойнинг Weixin платформасининг халқаро версиясидир. Weixin ва WeChat тармоғининг умумий ойлик аудиторияси 1,4 миллиард фойдаланувчидан ошади.
OSON учун бу халқаро миқёсда кенгайишнинг янги босқичи ҳисобланади. Ушбу ҳамкорлик жисмоний шахслар ва бизнес вакиллари учун тўловларни амалга оширишни енгиллаштириши, шунингдек, минтақалар ўртасида тобора ўсиб бораётган савдо ва сайёҳлик оқимларини қўллаб-қувватлаши кутилмоқда.

Фото: OSON
«Хитой — Марказий Осиё ва OSON'нинг халқаро стратегияси учун асосий йўналишлардан биридир. Биз бозорларимиз ўртасидаги тўлов алоқаларини ривожлантиришда улкан салоҳиятни кўряпмиз. WeChat билан ҳамкорлик чегара оша тўловларга нисбатан ортиб бораётган талабга мос ечимларни яратишга, шунингдек, минтақалар ўртасида фойдаланувчилар ҳамда бизнеснинг ўзаро алоқаларини соддалаштиришга имкон беради», — деб таъкидлади OSON асосчиси ва бош директори Фарҳод Маҳмудов.
Аввалроқ OSON «Tencent»нинг халқаро тўлов бўлинмаси бўлган «TenPay Global» билан пул ўтказмаларини йўлга қўйиш бўйича келишиб олган эди. Ушбу сервисни 2026 йилнинг ноябр ойи охирига қадар бозорга чиқариш режалаштирилган.
Ҳозирда ҳар икки компания жамоалари аниқ тўлов воситалари ва сервисларини ишлаб чиқишга киришмоқда.
