Марказий банк «Молиявий оммабоплик бўйича миллий индекслар» ҳисоботининг 2025 йил учун пилот нашрини эълон қилди. Ҳужжатда 16 ёшдан катта аҳоли ҳамда кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар кесимида алоҳида ҳисобланган иккита индекс натижалари келтирилган. Бу — молиявий оммабоплик даражасини Марказий банк томонидан мунтазам шакллантириладиган ва таққослаш имконини берувчи маълумотлар асосида баҳолаш бўйича биринчи миллий ҳисоб-китоб.
Индекс нимани ўлчайди
Ҳар бир индекс молиявий оммабопликнинг учта ўлчовини қамраб олади: молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятининг мавжудлиги, улардан фойдаланиш даражаси ва хизматларнинг сифат даражаси. Кўрсаткичлар кейинги босқичда кредит, депозит ва тўлов хизматлари бўйича, учинчи босқичда эса стратегик йўналишлар — рақамлаштириш, аёлларнинг молиявий оммабоплиги ҳамда қишлоқ ва чекка ҳудудлар кесимида тақсимланади.

Манба: Марказий банк
Ҳисоб-китобда «фаол мижоз» тушунчаси алоҳида белгиланган: бу камида битта амалдаги молиявий маҳсулотга эга бўлган ва йил давомида хизматдан уч марта ва ундан ортиқ фойдаланган мижоз. Ҳисобварақнинг очилиши ўз-ўзидан фаоллик белгиси сифатида қабул қилинмайди. Ҳудудий тафовутни кузатиш учун Президентнинг 2022 йил 30 декабрдаги ПФ-287-сон Фармонига мувофиқ тўртинчи ва бешинчи тоифадаги туманлар аҳолиси ҳамда тадбиркорлик субъектлари алоҳида баҳолаш контурига киритилган.
Аҳоли — 59, бизнес — 49 балл
Аҳоли индекси таркибида фойдаланиш имкониятининг мавжудлиги 62 балл, хизматлардан фойдаланиш даражаси 51 балл, сифат даражаси 64 балл билан баҳоланган. Маҳсулотлар кесимида натижалар деярли тенг тақсимланган: тўловлар — 58, кредитлар — 59, омонатлар — 59 балл, яъни энг юқори ва энг паст кўрсаткич ўртасидаги фарқ атиги 1 балл.

Манба: Марказий банк
Кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари бўйича тақсимот бошқача. Фойдаланиш имконияти 39 балл, фойдаланиш даражаси 64 балл, сифат даражаси 43 балл билан баҳоланган. Айни пайтда фойдаланиш даражаси бўйича 64 балл фақат кредит маҳсулотлари асосида шакллантирилган — тўлов ва жамғарма маҳсулотлари бўйича етарли даражада батафсил маълумотлар мавжуд эмаслиги сабабли алоҳида баҳо берилмаган.
Бошқача айтганда, аҳолида имконият фойдаланишдан юқори (62 га қарши 51), бизнесда эса тескари ҳолат кузатилади (39 га қарши 64). Биринчи ҳолатда шароит яратилган, аммо у амалий фаолликка тўлиқ айланмаган; иккинчисида молиявий тизимга жалб этилган корхоналар фаол, лекин уларнинг умумий қамрови тор.
Маҳсулот кесимидаги энг паст баҳо кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларининг нақдсиз тўлов имкониятига тегишли — 19 балл. Аҳолида эса энг паст натижа тўлов хизматларидан фойдаланиш даражасида қайд этилган — 34 балл, ваҳоланки шу йўналишда имконият 69 балл билан баҳоланган.
59 балл 59 фоиз дегани эмас
Ҳисоботда индекс қийматини талқин қилиш бўйича алоҳида изоҳ берилган. Индекс — молиявий хизматлар билан қамраб олинган аҳоли ёки корхоналар улуши эмас, балки белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш даражаси. Ҳужжатда келтирилган мисолга кўра, 60 балл қиймати аҳолининг ёки тадбиркорлик субъектларининг 60 фоизи қамраб олинганини англатмайди.
Шкала тўртта диапазонга бўлинган. 1–25 балл тизимли чекловларни, 26–50 балл шаклланаётган қамровни, 51–75 балл мустаҳкам асос ва ўсиш имкониятини, 76–100 балл эса илғор амалиётга яқин даражани билдиради. Шунга кўра аҳоли индекси учинчи, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари индекси эса иккинчи диапазонга тўғри келади.

Манба: Марказий банк
100 балл қиймати шкаланинг назарий юқори чегараси ва методологик мезон сифатида қўлланилади, у сиёсатнинг якуний мақсади сифатида талқин қилинмайди.
Методология ва маълумотлар чеклови
Методологияни ишлаб чиқишда молиявий оммабопликни ўлчаш бўйича 31 та амалиёт — 15 та миллий ва 16 та халқаро ташкилот ёндашуви ўрганилган, миллий ва халқаро мониторинг тизимларида қўлланиладиган 1 600 дан ортиқ индикатор таҳлил қилинган. Ҳисоб-китоб Жаҳон банки, IFC ва AFI иштирокидаги эксперт муҳокамасидан ўтказилган.

Манба: Марказий банк
Индекслар Марказий банк, Солиқ қўмитаси ва Миллий статистика қўмитаси ахбороти, шунингдек молиявий хизмат кўрсатувчиларнинг жамланма кўрсаткичлари асосида ҳисобланган. Пилот нашр молиявий оммабопликни фақат таклиф томонидан баҳолайди — яъни маъмурий ва назорат ҳисоботлари, тўлов инфратузилмаси ва портфель маълумотларига таянади. Талаб томонидан баҳолаш, яъни аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида сўровномалар ўтказиш кейинги босқичда режалаштирилган.
Ҳисоботда маълумотлар бўйича чеклов алоҳида қайд этилган: айрим йўналишлар бўйича статистик маълумотлар мавжуд бўлса-да, уларнинг тафсилот даражаси гуруҳлар, бизнес турлари ёки ҳудудлар ўртасидаги фарқларни аниқлаш имконини бермайди. Сифат даражаси бўйича баҳо ҳам мавжуд статистик кўрсаткичлар — шикоятлар сони ва таркиби, кредит портфелининг барқарорлиги, депозит ставкалари орқали шакллантирилган ва мижозларнинг қониқиш даражасини бевосита ўлчамайди.
Пилот ҳисоб-китоб кейинги даврлар билан таққослаш учун бошланғич мезонни белгилайди. Индекснинг мунтазам ҳисобланиши учта ўлчов бўйича силжишларни ва тафовутлар сақланиб қолаётган йўналишларни аниқлаш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, Марказий банкнинг молиявий оммабопликни ошириш бўйича фаолияти «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ унинг вазифалари қаторига киритилган.
2020 йилдан бошлаб ушбу йўналишда ихтисослашган таркибий бўлинма ташкил этилиб, маълумот йиғиш йўлга қўйилган, биринчи стратегияни тайёрлаш доирасида Жаҳон банки методологияси асосида IFC иштирокида тадқиқот, OECD методологияси бўйича молиявий саводхонликни баҳолаш ўтказилган. Аммо ўша даврда тўпланган кўрсаткичлар ягона консолидациялашган форматга бирлаштирилмаган эди.
