Alif Ineco Group'дан мудораба асосида 10 млн доллар жалб қилди

18.08.2026 15:09

98

Alif финтех компанияси Арманистоннинг Ineco Group инвестиция гуруҳидан мудораба тамойили асосида 10 млн доллар жалб қилди. Маблағ Ўзбекистонда Alif Nasiya хизмати орқали муддатли тўловни молиялаштириш кўламини кенгайтиришга йўналтирилади.

Фото: Alif

Компаниянинг маълум қилишича, битим мудораба шартномаси асосида тузилган. Бу — исломий молиялаштиришнинг бир шакли бўлиб, унда бир томон маблағ киритади, иккинчи томон уни бошқаради, олинган фойда эса олдиндан келишилган нисбатда тақсимланади.

Жалб қилинган 10 миллион доллар Alif Nasiya орқали муддатли тўлов хизматларини кенгайтиришга сарфланади. Ушбу хизмат орқали мижозлар маиший техникадан тортиб тиббий ва таълим хизматларигача бўлган товар ҳамда хизматлар ҳақини қисмларга бўлиб тўлаши мумкин.

Ineco Group — молиявий хизматлар, финтех ечимлари ва портфель инвестициялари билан шуғулланувчи халқаро инвестиция гуруҳи. 2024 йил 31 декабрь ҳолатига гуруҳ бошқарувидаги активлар 2 миллиард долларни ташкил этган.

Alif эса Ўзбекистон, Тожикистон ва Покистонда лойиҳаларни амалга ошираётган Марказий Осиёдаги йирик финтех компанияларидан бири. Ўзбекистонда у олти йилдан буён суперилова (superapp) шаклидаги хизматларни таклиф қилиб келмоқда. Компания маълумотига кўра, бозорга кирганидан буён Ўзбекистонга улуш ва қарз шаклида 300 миллион доллардан ортиқ сармоя жалб қилинган.

«Биз учун бу келишув исломий молиялаштириш нафақат назарияда, балки амалда ҳам ишлашининг тасдиғидир. Лойиҳани амалга ошириш кенг кўламли ҳамкорликни талаб қилди ва биз «Ineco Group» жамоасига очиқлиги, ишончи ва биргаликда янги ечимларни излашга тайёрлиги учун миннатдорчилик билдирамиз», — дейди «Alif Uzbekistan» бош директори Нуриддин Лафизов.

Эслатиб ўтамиз, Alif 2025 йилда Ўзбекистон бозорида биринчи хусусий корпоратив сукукни — 5 миллион доллар ҳажмида жойлаштирган эди. Bankers.uz таҳлилида қайд этилганидек, 2025 йил компаниянинг Ўзбекистондаги йиллик даромади 173,5 миллион долларга, фойдаланувчилар базаси эса 10 миллион кишига етган.

Теглар:

#Alif_Uzbekistan#мудораба

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган