Хорижий валютадаги қимматли қоғозлар бўйича агент-банклар танланди

01.07.2026 16:35

151

"Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" АЖ резидентлар эмиссия қилган хорижий валютадаги корпоратив облигациялар бўйича ҳисоб-китобларини амалга ошириш учун Ипак Йўли банкни, норезидент-эмитентлар чиқарган қимматли қоғозлар билан чет эл валютасидаги ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун эса Asia Alliance Bank'ни агент-банклар сифатида танлаб олди.

Фото: Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси

"Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" АЖ томонидан республиканинг барча банклари ўртасида танлов ўтказилиб, хорижий валютадаги қимматли қоғозлар билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун агент-банклар белгиланди.

Комплекс баҳолаш якунларига кўра, "Ипак Йўли" АИТБ ва "Asia Alliance Bank" АТБ агент-банклар сифатида саралаб олинди. Унга кўра "Ипак Йўли" АИТБ Ўзбекистон резидент юридик шахслари томонидан чиқарилган, қиймати чет эл валютасида ифодаланган корпоратив облигацияларнинг жойлаштирилиши, муомалада бўлиши ва сўндирилиши билан боғлиқ ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун агент-банк сифатида, "Asia Alliance Bank" АТБ эса хорижий компаниялар — норезидент-эмитентлар чиқарган қимматли қоғозлар билан битимлар натижалари бўйича чет эл валютасидаги ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун агент-банк этиб танланди.

Ҳозирги кунда "Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" АЖ ва "Ипак Йўли" АИТБ компьютер тизимлари бир-бирига уланган, яъни улар ўртасида маълумотлар автоматик алмашиниши йўлга қўйилган ва синов жараёнлари олиб борилмоқда. "Asia Alliance Bank" АТБ билан эса интеграция жараёнлари давом этмоқда ҳамда жараён якунлангандан сўнг қўшимча маълумот берилиши маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 декабрдаги "Капитал бозорида инвестиция муҳитини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-254-сонли фармони ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилди. Мазкур фармон 2030 йилгача фонд бозори орқали 1 млрд АҚШ доллари инвестиция жалб этиш ва 5 трлн сўмлик корпоратив облигациялар чиқаришни назарда тутади.

Теглар:

#Қимматли_қоғозлар_марказий_депозитарийиси#агент_банк#Ипак_Йўли#Asia_Alliance_Bank

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган