Марказий банк томонидан Ўзбекистон олтин валюта захираларининг 1 июль ҳолатига ҳисоботи эълон қилинди. Маълумотларга кўра, мамлакатнинг халқаро захиралари июнь ойида 6 млрд 827,4 млн долларга (9,67 фоизга) камайиб, 63 млрд 757,3 млн долларни ташкил қилган.
Захираларнинг камайишига барча турдаги захира активлар ва чет эл валютасидаги бошқа активларнинг камайиши сабаб бўлган. Хусусан, хорижий валютадаги захира активлар 7,44 млрд долларгача (-1,1 млрд доллар), ХВЖдаги маблағ жалб қилишга доир махсус ҳуқуқлар (СДР) 556,7 млн долларгача (-17,9 млн доллар), олтин 55,76 млрд долларгача (-5,7 млрд доллар), хорижий валютадаги бошқа активлар 102,6 млн долларгача (-15,5 млн доллар) камайган.

Манба: Марказий банк
Ўзбекистон Республикасининг ялпи халқаро захиралари ҳажми 2026 йил июнь ойида 6,8 млрд. долларга камайди. Хусусан, ой давомида олтин нархининг 4516,85 доллардан 4016,70 долларгача тушишининг таъсири -6,9 млрд. долларни ташкил этди, дейилади Марказий банк изоҳида.
Июнь ойида олтин нархининг арзонлашиши ҳисобига олтин захираларининг доллардаги қиймати 9,25% га камайиб, 55 757,1 млн долларни ташкил этди.
Шунга қарамай, Марказий банк томонидан соф олтин сотиб олиш ҳажми ошган. Натижада олтиннинг жисмоний вазни 2,02% га ўсиб, 13,60 млн унциядан 13,88 млн трой унцияга етган. Умумий ҳисобда бир ойда захирага 280 минг трой унция олтин қўшилган.
Захиралар тузилмасида олтиннинг улуши 87,45%, хорижий валюта активларининг улуши эса 11,67% даражасида бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг халқаро захиралари май ойида ҳам пасайишни қайд этган эди.
