2026 йил 1 июлдан бошлаб тажриба-синов тариқасида "Мақсадли ипотека омонати" механизми амалиётга жорий қилинган эди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мақсадли ипотека омонати бўйича тажриба-синов лойиҳасининг 2026 йил 1 август ҳолатига бўлган ижро кўрсаткичларини эълон қилди.
Маълумотларга кўра, лойиҳа доирасида 338 нафар фуқаро томонидан мақсадли ипотека омонати очилиб, уларда жами 23,9 миллиард сўм маблағ жамғарилган. Ушбу суммaнинг 10,1 миллиард сўми (43 фоиз) бюджет маблағлари, 13,8 миллиард сўми (57 фоиз) эса омонатчиларнинг шахсий маблағлари ҳисобидан шакллантирилган.
Ўртача бир киши ҳисобига жамғарилган омонат миқдори 70,7 млн сўмни ташкил қилмоқда.
Мақсадли ипотека омонати — субсидия хабарномасига эга бўлган фуқаро томонидан бирламчи уй-жой бозоридан хонадон сотиб олиш учун дастлабки бадални шакллантириш мақсадида тижорат банкида 12 ойгача муддатга очиладиган омонат ҳисобварағи ҳисобланади. Бунда фуқаронинг ўз маблағлари ҳамда давлат субсидияси жамланади ва жамғарилган маблағларга банкнинг бозор фоиз ставкаси бўйича фоизлар ҳисобланади.
Омонатлар сони бўйича етакчи банк — Агробанк бўлиб, унда 141 та омонат (жами маблағнинг 41 фоизи, яъни 9,7 миллиард сўм) жамғарилган. Ундан кейин Бизнесни ривожлантириш банки 65 та омонат ва 4,6 миллиард сўм (19 фоиз) билан, Халқ банки 50 та омонат ва 3,4 миллиард сўм (14 фоиз) билан келади. Шунингдек, Ўзмиллийбанк 28 та омонат билан 8 фоиз, Hamkorbank 21 та омонат билан 7 фоиз, Туронбанк 12 та омонат билан 4 фоиз, Ўзсаноатқурилишбанк 7 та омонат билан 3 фоиз, Алоқабанк 8 та омонат билан 2 фоиз, Асака банк ва Трастбанк эса 1 фоиздан улушга эга бўлган.
Ҳудудлар бўйича энг юқори кўрсаткични Фарғона ва Хоразм вилоятлари қайд этган — уларнинг ҳар бирига 45 тадан омонат ва 3,2 миллиард сўмдан маблағ, яъни 13 фоиздан улуш тўғри келади. Улардан сўнг Наманган вилояти 43 та омонат ва 2,9 миллиард сўм (12 фоиз) билан, Қашқадарё вилояти эса 33 та омонат ва 2,3 миллиард сўм (10 фоиз) билан келади. Тошкент шаҳрида 28 та омонат бўйича 2,5 миллиард сўм (10 фоиз) жамғарилган.
Ҳозирги кунда мақсадли ипотека омонатлари бўйича банкларда қўлланилаётган энг юқори йиллик фоиз ставкалари Hamkorbank'да 18 фоизни, Бизнесни ривожлантириш банкида эса 16 фоизни ташкил этмоқда.

Манба: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Аввалроқ 2026 йилнинг I ярим йиллигида Ўзбекистонда ипотека кредитлари ажратиш қарийб 40 фоизга ўсгани ҳақида хабар берган эдик.
