Ипотека кредитлари ажратиш қарийб 40 фоизга ўсди

27.07.2026 12:04

131

2026 йилнинг I ярим йиллигида Ўзбекистонда ипотека кредитлари ажратиш 13,1 трлн сўмлик рекорд кўрсаткични қайд этди. Бозорда тижорий кредитларнинг арзонлашуви ва аёл қарз олувчилар фаоллигининг кескин ошиши кузатилди. Шу ва бошқа таҳлиллар ва хулосалар ҳақида мақолада ўқинг.

Фото: Ведомости

Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–июнь ойларида Ўзбекистон ипотека бозори сўнгги йиллардаги энг юқори ўсиш суръатларини қайд этди. Қуйида Bankers.uz нашри бозор ҳажми, ҳудудлар кесимидаги ўзгаришлар ва фоиз ставкаларидаги динамикани қисқача таҳлил қилади.

Инфографика: Марказий банк

Ўзбекистонда жорий йилнинг дастлабки олти ойида 42 575 нафар фуқарога жами 13,1 триллион сўмлик ипотека кредитлари ажратилди. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан мижозлар сони бўйича 34,8 фоизга ёки қарийб 11 минг нафарга, ажратилган маблағ ҳажми бўйича эса тахминан 39 фоизга, яъни 3,7 триллион сўмга ошганини кўрсатмоқда.

Таққослаш учун: 2026 йилнинг биринчи ярмидаги натижа 2024 йилги умумий йиллик ҳажмининг 77 фоизини ташкил этиб, 2023 йилги тўлиқ кўрсаткичга деярли етиб олди. Агар иккинчи ярим йилликдаги анъанавий фаоллашув инобатга олинса, жорий йил якуни бўйича бозор ҳажми 27–28 триллион сўмга етиши прогноз қилинмоқда.

Кредит ажратиш суръати мижозлар сони ўсишидан тезроқ бўлгани ҳисобига битта қарз олувчига тўғри келувчи ўртача ипотека суммаси ҳам ошди. Хусусан, 2025 йилнинг биринчи ярмидаги 298,7 миллион сўмлик кўрсаткич жорий йилда 307,7 миллион сўмга етди. Эътиборли жиҳати, ўртача сумманинг ўсиш суръати уй-жой нархлари индекси ва умумий инфляция даражасидан сезиларли даражада паст. Бу шуни англатадики, кредит ҳажмининг ўсиши асосан янги қарз олувчилар, яъни қамровнинг кенгайиши ҳисобига таъминланмоқда.

Жорий йилги статистиканинг энг эътиборли трендларидан бири гендер кесимидаги ўзгаришлардир. Ўтган йилнинг биринчи ярмида ипотека олганларнинг 39 фоизини аёллар ташкил қилган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткич 46 фоизгача кўтарилди ва қарийб 19,6 минг нафарга етди.

Бошқача айтганда, аёл қарз олувчилар сони бир йил ичида қарийб 60 фоизга ўсган, эркакларда эса бу кўрсаткич атиги 19 фоизни ташкил этган. Ёш таркиби бўйича асосий драйвер 31–50 ёшлилар тоифаси бўлиб қолмоқда. Бироқ фоиз ҳисобида энг тез ўсиш 51 ёшдан юқори бўлган қарз олувчилар гуруҳида кузатилди.

Ипотека кредитларининг мантиқий асосий қисми, яъни 75 фоизи янги қурилган уй-жойларни, бошқача айтганда бирламчи бозорни молиялаштиришга йўналтирилган бўлиб, умумий қиймати 9,8 триллион сўмни ташкил этди. Иккиламчи бозор улуши эса 3,3 триллион сўм билан 25 фоизга тенг бўлди. Нархлар динамикасидаги фарқ ҳам сезиларли бўлиб, бирламчи бозорда ўртача кредит суммаси 293,7 миллион сўмдан 306,3 миллион сўмга ошган бўлса, иккиламчи бозорда 313,6 миллион сўмдан 311,9 миллион сўмга бироз пасайган. Бу ҳолат янги уйлар қиймати ошиб, эски уйлар нархи нисбатан барқарорлашаётганидан далолат беради.

Тошкент шаҳри ҳамон ипотека бозорининг сўзсиз етакчиси бўлиб, жами ажратилган маблағнинг 30,7 фоизи пойтахт ҳиссасига тўғри келади. Бироқ, вилоятларда ипотека бозори пойтахтга нисбатан тезроқ ўсаётгани сабабли ушбу кўрсаткич ўтган йилги 31,3 фоиздан бироз пасайган. Айниқса, Сирдарё, Қашқадарё, Бухоро ва Қорақалпоғистонда юқори фаоллик қайд этилди. Банклар кесимида, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида энг кўп ипотека ажратган молия муассасаси сифатида Халқ банки 2,19 триллион сўм билан пешқадамлик қилмоқда. Ундан кейинги ўринларни Агробанк, Миллийбанк, Ипотекабанк ва Ўзсаноатқурилишбанк эгаллаган бўлиб, мазкур бешлик бутун бозорнинг 66,5 фоизини ўзида жамлаган.

Давлат улуши мавжуд йирик банклар ушбу сегментда ҳамон ҳал қилувчи куч бўлиб қолмоқда.

Бозордаги энг ижобий сигналлардан бири кредит ресурслари нархининг арзонлашувидир. Давлат дастури доирасида республика бюджети маблағлари ҳисобидан ажратилаётган ипотеканинг ўртача ставкаси ўтган йилги 17,5 фоиздан 16,8 фоизгача пасайди. Банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан берилаётган тижорий ипотека ставкалари янада жадал арзонлашиб, 2025 йилдаги 23,5 фоиздан жорий йилда 20,1 фоизгача тушди. Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси маблағлари асосидаги кредитлар эса ўртача 21,6 фоиз ставкада тақдим этилмоқда.

Марказий банкнинг 2026 йилги ҳисоботида аввалги йилларда очиқланган айрим муҳим макрокўрсаткичлар келтирилмаган бўлиб, бу ҳолат чуқур таҳлил ўтказишни бироз чеклайди. Хусусан, молиялаштириш манбаларининг таркиби, ипотека кредитлари портфелининг динамикаси ҳамда «Янги тартиб» дастури доирасидаги алоҳида статистика эълон қилинмаган.

Теглар:

#ипотека

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган