Барча жараёнлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 10 декабрдаги «Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-246-сон Фармони ижроси доирасида олиб борилмоқда. Бу ҳақда банк ахборот хизмати хабар берди.
Адлия вазирлиги ва Марказий банк билан ҳамкорликда жорий йилнинг 1 апрелидан кўчмас мулк ва транспорт воситаларини нотариал олди-сотди шартномаларини расмийлаштиришда банкларда эскроу ҳисобварақларини очиш, маблағларни қабул қилиш ва харидордан сотувчига ўтказишни таъминловчи ягона умумреспублика тўлов ва хизмат кўрсатиш тизими жорий этилган.
Битимлар ҳажми
Ҳозирда банкнинг 125 та ҳудудий бўлинмаси нотариал идоралар билан ҳамкорликда эскроу хизматларини ташкил этган.
1 апрелдан бугунги кунга қадар расмийлаштирилган битимларнинг 2 146 таси кўчмас мулк, 3 841 таси транспорт воситалари олди-сотдисига тўғри келади.
Хизмат кўрсатиш нуқталари
Банк ўзининг 35 та банк хизматлари офиси ва марказларига яқин жойлашган 57 та нотариал идорада ҳудудий бўлинмалар, масъул ходимлар ва уларнинг алоқа маълумотлари акс эттирилган ахборот материалларини жойлаштирган.
Жорий йилнинг 1 апрелидан Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги ҳамда Бухоро шаҳридаги автомобиль бозорларида олди-сотди битимлари иштирокчилари учун махсус кассалар ташкил этилган. Кассаларда эскроу ҳисобварақларини очиш, валюта айирбошлаш ва барча турдаги нақд пул касса операциялари амалга оширилади. Бўлинмалар шанба ва якшанба кунлари ҳам фаолият юритади.
Бундан ташқари, банкнинг 32 та банк хизматлари офиси ва марказларига яқин жойлашган 44 та нотариал идорада дам олиш кунлари ҳам эскроу хизматлари кўрсатилмоқда.
Мобил илова орқали хизмат
Жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб эскроу хизматлари банкнинг «MAVRID» мобил иловаси орқали ҳам йўлга қўйилди. Мижозлар кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотди битимларини масофадан туриб расмийлаштириш имкониятига эга бўлди.
Банк маълумотига кўра, ҳозирда мобил илова орқали ойига ўртача 200 дан ортиқ битим расмийлаштирилмоқда.
Иловада эскроу ҳисобварағини масофадан очиш ва бошқариш, харидор маблағларининг банк назорати остида сақланиши ҳамда сотувчи учун тўлов кафолати функциялари кўзда тутилган.
Банк эскроу хизматлари инфратузилмасини кенгайтириш ва рақамли ечимларни жорий этиш бўйича ишларни давом эттиришини маълум қилди.
Аввалроқ Bankers.uz нашри ПФ-246-сон Фармонга мувофиқ бир қатор товар ва хизматлар учун нақд пулда тўлов қилиш тақиқланиши ҳақида хабар қилган эди.
