Бир қатор товар ва хизматлар учун нақд пулда тўлов қилиш тақиқланади

10.12.2025 16:13

395

2026 йил апрелидан бошлаб бир қатор товар ва хизматлар, хусусан кўчмас мулк, автомобиллар, давлат хизматлари, коммунал хизматлар, шунингдек қиймати 25 млн сўмдан ошадиган товар ва хизматлар учун тўловлар фақат карта ёки электрон тўлов орқали амалга оширилади. Барча юридик шахслар учун тўловларни қабул қилишга ягона QR кодли тизим ишга туширилади.

Фото: Bankers.uz

“Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–246-сон, 10.12.2025 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда "Ҳуқуқий ахборот" телеграм каналида хабар берилди.

Фармонга кўра, 2030 йилгача яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди. Жумладан, унда ялпи ички маҳсулотга нисбатан кузатилмайдиган иқтисодиёт улушини 1,3 бараварга қисқартириш ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида аҳоли томонидан тўловларни нақд пулсиз амалга ошириш улушини 75 фоизга етказиш қайд этилган.

2026 йил 1 апрелдан бир неча турдаги товарлар ва хизматлар учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади. Хусусан, давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар, электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, транспортларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали аҳолига нефть-газ маҳсулотларини сотиш ва электрда ҳаракатланадиган транспортларни зарядлаш бўйича хизматлар, қиймати 25 млн сўмдан ошадиган товар ва хизматлар ҳамда кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган M, N, O ва G тоифага кирувчи транспортлар ҳамда махсус автотранспорт воситаларини сотиш ва сотиб олиш бўйича ҳам тўловлар фақат нақдсиз тарзда амалга оширилади.

Фармоннинг тўлиқ матни ҳозирча эълон қилинмади.

Шунингдек, фармонга кўра,2026 йил 1 январгача барча савдо ва хизмат кўрсатувчи юридик шахслар томонидан электрон тўловларни қабул қилиш учун ягона QR код жорий қилинади.

2026 йил 1 январдан барча савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги юридик шахслар томонидан банкларда генерация қилинган ягона QR код орқали электрон тўловларни қабул қилиш йўлга қўйилади. 

Бунда 2026 йил 1 июлдан барча савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги юридик шахсларда ягона QR кодли тўлов тизими орқали тўловларни қабул қилиш ҳам мажбурий этиб белгиланади ва ягона QR кодлардан фойдаланилмаётганлиги савдо қоидаларини бузиш деб ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда нақд пулдан фойдаланишни қисқартириш ва бир қатор товарларни улгуржи сотишни нақд пулсиз шаклдаги ҳисоб-китобларга ўтказиш режалаштирилаётгани ҳақида ўтган йил февраль куни Ўзбекистон Президентига тақдим этилган тақдимотда сўз борган эди.

Теглар:

#нақд_пул#нақд_пуллар

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган