«Трастбанк» хусусий акциядорлик банки устав капиталини икки бараварга ошириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Тегишли муҳим факт 27 июль куни Корпоратив ахборот ягона порталига жойлаштирилган.
2026 йил 1-ярим йиллик якунларига кўра банкнинг устав капитали 1 триллион 250 миллион сўмни ташкил қилган. Қўшимча акциялар чиқарилиши ҳисобига бу кўрсаткич тенг икки бараварга оширилиб, 2 триллион 500 миллион сўмга етказилади. Ушбу мақсадда банк номинал қиймати 1 000 сўмдан бўлган 1 миллиард 227 минг дона оддий ҳамда 23 минг дона имтиёзли (ҳужжатсиз) акцияларни муомалага чиқаради.
Барча акциялар ёпиқ обуна орқали, амалдаги акциядорлар ўртасида 1:1 пропорциясида бепул тақсимланади. Бошқача айтганда, акциядор ўзи эгалик қилиб турган ҳар бир акция эвазига қўшимча яна битта янги акция олади.
Натижада муомаладаги акциялар сони икки баравар кўпайса-да, акциядорларнинг устав капиталидаги улушдорлик фоизи ўзгаришсиз қолади. Шу сабабли жараёнда имтиёзли ҳуқуқ қўлланилмайди ва андеррайтерларни жалб этишга эҳтиёж юзага келмайди.
Эмиссия қиймати ўтган йилларнинг тақсимланмаган фойдаси ҳисобидан (1 июль ҳолатига 2 136 117 621 сўм), дивиденд солиқлари чегирилгандан сўнг қолган қисмини капиталлаштириш орқали қопланади.
Трастбанк тўлиқ хусусий банк бўлиб, бугунги кунда 912 дан ортиқ акциядорга эга. Капиталнинг 61,69 фоизи 3 та бевосита эгалик қилувчи жисмоний шахсга, қолган 38,31 фоизи эса юридик шахсларга тегишли.
Қўшимча акциялар чиқарилиши қимматли қоғозлар бозорини тартибга солувчи ваколатли давлат органида давлат рўйхатидан ўтказилгач расман кучга киради. Тартибга кўра, акциядорлар реестри қарор давлат рўйхатидан ўтказилган кундан кейинги бешинчи иш куни ҳолатига кўра шакллантирилади. Акцияларни жойлаштириш жараёни эса олтинчи иш кунидан бошланиб, 60 кун ичида тўлиқ якунланиши лозим.
Эслатиб ўтамиз, Трастбанк 2025 йилни 852,7 миллиард сўм, 2026 йил 1-ярим йиллигини эса 503,8 млрд сўм соф фойда билан якунлаган.
