2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, Ўзбекистон банк тизимининг жами кредит портфели 38,8 триллион сўмга ошиб, 1 июль ҳолатига 642,8 триллион сўмни ташкил этди. Олти ойлик ўсиш суръати 6,4 фоизни ташкил этди — бу кўрсаткич шу даврдаги депозит базаси ўсишидан (13,5 фоиз) икки баробар пастдир. Бу ҳолат банклар асосий эътиборни фаол кредитлашдан кўра бевосита ресурс базасини мустаҳкамлашга қаратганидан далолат бериши мумкин.

Манба: Оператив маълумотлар
Кредит портфелининг таркибий тузилишида миллий ва хорижий валютадаги кредитлар бир хил — 6,4 фоиздан ўсиш қайд этди. Натижада сўмдаги кредитлар ҳажми 390,8 триллион сўмга (умумий портфелнинг 60,8 фоизи), хорижий валютадаги кредитлар эса 252,0 триллион сўмга (39,2 фоиз) етди.
Эътиборли жиҳати, кредит портфели депозит базасига қараганда анча юқори валюта улушига эга. Агар депозитларда хорижий валютанинг улуши бор-йўғи 19 фоиз атрофида бўлса, кредит портфелида бу кўрсаткич қарийб 39 фоизни ташкил этмоқда. Бу мамлакат иқтисодиётидаги йирик ва хорижий валютага боғлиқ саноат ва инфратузилма лойиҳалари асосан банк кредитлари ҳисобидан молиялаштирилаётгани билан изоҳланади.
Мутлақ ўсиш ҳажми бўйича давлат банклари етакчиликни сақлаб қолди. Хусусан, Агробанк ярим йил давомида портфелини 10,1 триллион сўмга (+12,5%) кўпайтириб, тизимда энг юқори ўсиш кўрсаткичини қайд этди. Йирик хусусий банклар орасида Ҳамкорбанк юқори фаоллик кўрсатиб, кредит портфелини 5,5 триллион сўмга ёки 23,0 фоизга кенгайтирди. Шунингдек, Халқ банки (+3,8 трлн сўм), Алоқабанк (+2,8 трлн сўм) ва Ипак Йўли банк (+2,7 трлн сўм) ҳам сезиларли ўсиш суръатларини намойиш этди.
Нисбий (фоиз) ҳисобида энг юқори суръатлар кичик ва ўрта банкларда кузатилди. Апексбанк ўз портфелини 128,9 фоизга (+1,8 трлн сўм), Ҳаётбанк эса 45,5 фоизга (+2,1 трлн сўм) оширишга эришди.
Умумий позитив динамикага қарамай, айрим банкларнинг кредит портфелида қисқариш ҳолатлари кузатилди. Энг катта мутлақ камайиш Ўзсаноатқурилишбанкда қайд этилиб, банк портфели 3,9 триллион сўмга (-6,1%) қисқарди. Фоиз ҳисобида энг кескин пасайиш TBC банкда юз берди — банк портфели бешдан бирга ёки 19,6 фоизга (-2,0 трлн сўм) камайди. Бундан ташқари, Ориент Финанс банк (-1,1 трлн сўм) ва Асака банк (-1,0 трлн сўм) ҳам кредит портфелини қисқартирган банклар қаторидан ўрин олди.
Тизимнинг энг йирик иштирокчиси бўлмиш Ўзмиллийбанк эса ярим йилликни мўътадил кўрсаткич билан якунлади — банк портфели атиги 1,7 фоизга (+1,75 трлн сўм) кўпайиб, деярли ўзгаришсиз қолди.
