Оператив маълумотларга кўра, Ўзбекистон банклари 2025 йилнинг январь-июнь ойларида жами 6 трлн 508 млрд сўм фойда олди. Бу ўтган йилнинг мос давридаги умумий молиявий натижага нисбатан қарийб 18 фоизга ёки 991 млрд сўмга кўпроқдир.
Ўтган ярим йилда энг кўп соф фойда олган ўнта банклардан учтаси — Ўзмиллийбанк (1-ўрин), Ўзсаноатқурилишбанк (2-ўрин) ва Бизнесни ривожлантириш банки (8-ўрин) давлатга тегишли банклар, еттитаси — Hamkorbank, Капиталбанк, Ориент Финанс банк, Ипак Йўли банки, Трастбанк (3-7 - ўринлар), KDB Bank (9-ўрин) ва Давр банк (10-ўрин) давлатга тегишли бўлмаган банклардир.
Жами саккизта банкнинг соф фойдаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан камайган, олтита банк ярим йилликни зарар билан якунлаган.
Давлат банклари
Ўтган ярим йилликдан фарқли равишда, 2025 йил ярмида давлат банкларининг барчаси ўз фаолиятини молиявий фойда билан якунлади. Барча банклар, шу жумладан давлат банклари ичида энг кўп соф фойда олган банк Ўзмиллийбанк бўлиб, банкнинг соф фойдаси 1 трлн 5 млрд сўмни ташкил қилди. Иккинчи ўринни Ўзсаноатқурилишбанк (808,6 млрд сўм соф фойда билан) эгаллади.
2024 йилнинг I ярим йиллигида -378,1 млрд сўм зарар кўрган Бизнесни ривожлантириш банки жорий ярим йилда 319,7 млрд сўм соф фойда олганини алоҳида қайд этиш мумкин.
Шунингдек, давлат банкларидан Алоқабанк (97,9 млрд сўм), Микрокредитбанк (45,5 млрд сўм), Халқ банки (19 млрд сўм), (Агробанк 17,6 млрд сўм) ва (Туронбанк 14,6 млрд сўм) ларда ҳам ўтган йилнинг мос даврига нисбатан соф фойда ўсиши кузатилган. Фақатгина Асакабанкнинг соф фойдаси ўтган йилга нисбатан камайган (соф фойда 47,4 млрд сўм, камайиш -23,5 млрд сўм).
Бошқа банклар
Давлат назоратида бўлмаган банклардан олтита банк AVO Bank (-1,8 млрд сўм), Гарант банк (-9,7 млрд сўм), Евроосиё банки (-51,6 млрд сўм), Yangi Bank (-55,6 млрд сўм), Apex Bank (-62,4 млрд сўм) ва Ипотека банк (-392,5 млрд сўм)лар ярим йилликни молиявий зарар билан якунлаганлар.
Капиталбанкнинг ярим йиллик соф фойдаси (602,4 млрд сўм) ўтган даврдагига нисбатан 109,9 млрд сўмга камайган. Бундан ташқари, TBC Bank Uzbekistan (-53,3 млрд сўм) ва Ziraat Bank Uzbekistan (-10,5 млрд сўм) соф фойда олган бўлсалар-да, уларнинг кўрсаткичлари аввалги мос даврга нисбатан камайиши кузатилган.
2024 йилнинг олти ойини 15,6 млрдлик зарар билан якунлаган Tenge Bank бу ярим йилликда 3,5 млрд сўмлик соф фойда олган.
Octobank (162,3 млрд сўм, ўзгариш +112,6 млрд сўм), ANORBANK (102,2 млрд сўм, ўзгариш +62,9 млрд сўм) соф фойдасини жадал ўсгани ҳам диққатга лойиқ.
Эслатиб ўтамиз, банкларнинг молиявий кўрсаткичлари (соф фойда ёки зарари) жами даромад ва харажатлар (хусусан, солиқ харажатлари ҳисобга олинган) орасидаги фарқ кўринишида ҳисобланади. Банкларнинг зарарда эканлиги одатда унинг нобарқарор фаолият кўрсатаётганлигини англатмайди.