Муомаладаги банк карталари сони 75 млнга яқинлашди

23.07.2026 08:34

137

Ўзбекистонда муомаладаги банк карталари сони йил бошига нисбатан 6 млн 345 минг донага кўпайиб, уларнинг жами миқдори 74 млн 612 минг донадан ошди. Ўсишнинг асосий қисми Uzum Bank, ANORBANK, Халқ банки ва Hamkorbank ҳиссасига тўғри келди.

Фото: Bankers.uz

Марказий банк маълумотларга кўра, 2026 йил 1-ярим йиллик якунларига кщра, Ўзбекистонда муомаладаги банк карталарининг умумий сони 74 млн 612 мингдан ошди. Жорий йил бошига нисбатан ушбу кўрсаткич 6 млн 345 минг донага кўпайган.

Манба: Марказий банк

Муомаладаги банк карталари

Карталар сонининг ўсиши бўйича етакчилик асосан рақамли банклар ёки рақамли хизматларни ривожлантираётган банклар ҳиссасига тўғри келмоқда. Энг катта ўсиш қуйидаги банкларда қайд этилди:

  • Uzum Bank: +1 млн 921 минг дона
  • ANORBANK: +1 млн 480 минг дона
  • Халқ банки: +1 млн 234 минг дона
  • Hamkorbank: +1 млн 211 минг дона

Шу билан бирга, қатор банкларда карталар сонининг йил бошига нисбатан қисқариши кузатилган. Хусусан, TBC bank (-598,9 минг дона), Асакабанк (-269,2 минг дона) ва HAYOT BANK'да (-161,6 минг дона) муомаладаги карталар сони камайган.

Бугунги кунда 5 миллиондан ортиқ мижозлар базасига (карталарига) эга банклар олтита банкни ташкил этмоқда. Ушбу рўйхатдан Халқ банки (12,0 млн дона), Uzum Bank (7,0 млн дона), Агробанк (6,8 млн дона), Ипотека-банк (5,6 млн дона), Hamkorbank (5,0 млн дона) ва ANORBANK (5,0 млн дона) ўрин олган. Булардан Hamkorbank ҳамда ANORBANK "5 млн+ клубига" ўтган ойда қўшилган.

Шунингдек, Ўзмиллийбанк (4,3 млн), Ипак Йўли банки (3,8 млн), TBC bank (3,6 млн), Ўзсаноатқурилишбанки (3,1 млн) ва Алоқабанк (3,0 млн) каби банклар хизмат кўрсатаётган карталар сони 3 миллиондан ошади.

Ўрнатилган тўлов терминаллари

Тўлов терминаллари тармоғи йил бошига нисбатан 17 355 тага кенгайиб, 1 июль ҳолатига 448 117 тани ташкил этди. Терминаллар ўрнатиш динамикасида (йил бошига нисбатан) қуйидаги банклар олдинда бормоқда:

  • Hamkorbank: +9 208 та
  • Алоқабанк: +1 926 та
  • Трастбанк: +1 816 та
  • Давр-банк: +1 349 та
  • Ипак Йўли банки: +1 346 та

Шунингдек, Агробанк (-8 104 та) ва Ипотека-банк (-5 762 та) терминаллари сонида йил бошига нисбатан сезиларли даражада камайиш юз берган.

Банкомат ва инфокиосклар

Жорий йилнинг дастлабки олти ойида банкомат ва инфокиосклар тармоғи 6 588 тага ошиб, уларнинг умумий сони 46 678 тага етди.

Ушбу инфратузилманинг кенгайишида асосий улуш яна тўлов ташкилотлари ҳиссасига тўғри келди (+4 643 та). Тижорат банклари орасида эса Uzum Bank (+647 та) ва Invest Finance bank (+537 та) юқори ўсишни қайд этди. Айрим банклар, хусусан, Агробанк (-143 та) ва Ипотека-банк (-18 та) томонидан ўрнатилган банкоматлар сони йил бошига нисбатан бироз қисқарган.

Тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар

2026 йил январь–июнь ойлари давомида тўлов терминаллари орқали жами 322,5 триллион сўмдан ортиқ тушум қайд этилган. Битта тўлов терминали орқали ўртача тушум олти ой мобайнида 719,6 миллион сўмни ташкил этди. Тушум ҳажми бўйича Алоқабанк, Ўзмиллийбанк, Ипотека-банк, Uzum Bank ва Халқ банки етакчи ўринларни эгаллаган.

Теглар:

#банк-картаси#терминал#банкомат

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган