Муомаладаги банк карталари сони 74 млнга яқинлашди

18.06.2026 06:51

295

Ўзбекистонда муомаладаги банк карталари сони йил бошига нисбатан қарийб 5,5 млн донага кўпайиб, уларнинг жами миқдори 73 млн 690 минг донадан ошди. Ўсишнинг асосий қисми Uzum Bank, Anor bank, Халқ банки ва Hamkorbank ҳиссасига тўғри келди.

Фото: Bankers.uz

Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил 1 июнь ҳолатига Ўзбекистонда муомаладаги банк карталарининг умумий сони 73 млн 690 мингдан ошди. Жорий йил бошига нисбатан ушбу кўрсаткич 5 млн 423 минг донага кўпайган.

Фото: Марказий банк

Муомаладаги банк карталари

Карталар сонининг ўсиши бўйича етакчилик асосан рақамли хизматларни кенгайтираётган банклар ҳиссасига тўғри келди. Энг катта ўсиш қуйидаги банкларда қайд этилди:

  • Uzum Bank: +1 млн 674 минг дона
  • Anor bank: +1 млн 366 минг дона
  • Халқ банки: +1 млн 33 минг дона
  • Hamkorbank: +1 млн 15 минг дона

Шу билан бирга, қатор банкларда карталар сонининг қисқариши кузатилган. Хусусан, TBC bank (-583,6 минг дона), Tenge bank (-315,3 минг дона), Asaka bank (-231,9 минг дона) ва HAYOT BANK'да (-173,5 минг дона) муомаладаги карталар сони камайиши кузатилган.

Бугунги кунда 5 миллиондан ортиқ мижозлар базасига (карталарига) эга банклар 4 тани ташкил этмоқда. Улар қаторидан Халқ банки (11,8 млн дона), Uzum Bank (6,8 млн дона), Агробанк (6,7 млн дона) ва Ipoteka-bank (5,6 млн дона) ўрин олган.

Шунингдек, Anor bank (4,9 млн), Hamkorbank (4,9 млн), Ўзмиллийбанк (4,3 млн), Ipak Yo'li banki (3,8 млн), TBC bank (3,6 млн), Ўзсаноатқурилишбанк (3,0 млн) ва AloqaBank (3,0 млн) каби банклар хизмат кўрсатаётган карталар сони 2 миллиондан ошади.

Ўрнатилган тўлов терминаллари

Тўлов терминаллари тармоғи йил бошига нисбатан 15 119 тага кенгайиб, 1 июнь ҳолатига 445 881 тани ташкил этди. Терминаллар ўрнатиш динамикасида (йил бошига нисбатан) қуйидаги банклар олдинда бормоқда:

  • Hamkorbank: +7 900 та
  • Trastbank: +1 770 та
  • Aloqabank: +1 693 та

Шунингдек, Агробанк (-6 235 та) ва Ipoteka-bank (-3 482 та) терминаллари сонида сезиларли даражада камайиш юз берган.

Банкомат ва инфокиосклар

Жорий йилнинг дастлабки 5 ойида банкомат ва инфокиосклар тармоғи 6 404 тага ошиб, уларнинг умумий сони 46 494 тага етди.

Ушбу инфратузилманинг кенгайишида асосий улуш тўлов ташкилотлари ҳиссасига тўғри келди (+4 640 та). Тижорат банклари орасида эса Uzum Bank (+647 та) ва Invest Finance bank (+535 та) юқори ўсишни қайд этди. Айрим банклар, хусусан, Агробанк (-143 та), Garant bank (-36 та) ва Orient Finans bank (-23 та) томонидан ўрнатилган банкоматлар сони йил бошига нисбатан бироз қисқарган.

Эслатиб ўтамиз, Президент фармонига асосан, 2026 йил апрелидан бошлаб кўчмас мулк, автомобиллар, давлат ва коммунал хизматлари, шунингдек, қиймати 25 млн сўмдан ошадиган бошқа барча товар ва хизматлар учун тўловлар фақат нақдсиз шаклда (карта ёки электрон тўловлар орқали) амалга оширилиши белгиланган эди. Регуляторнинг ушбу талаби банклар ва тўлов ташкилотлари томонидан нақдсиз ҳисоб-китоб воситалари, хусусан P2P ўтказмаларини қўллаб-қувватловчи инфратузилманинг жадал кенгайтирилишига асосий туртки бўлмоқда.

Теглар:

#банк-картаси#терминал

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган