Марказий банк бошқарувининг қарори билан "Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида" ги Марказий банкнинг 2020 йил 29 августдаги 18/5-сонли Қарорининг 28-бандига ўзгартириш киритилди. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар бермоқда.
Янги тартибга кўра, махсус валюта ҳисобварағига киритилган (конвертация қилинган) маблағлардан дастлабки буюртмада кўрсатилганидан бошқа жорий халқаро валюта операциясини амалга ошириш учун ҳам фойдаланиш мумкин бўлади.
Бунинг учун мижоз томонидан банкка ушбу маблағлардан бошқа мақсадларда фойдаланиш тўғрисида қўшимча буюртма тақдим этилиши етарли бўлади.
Марказий банкда таъкидланишича, мазкур ўзгартириш ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда қўшимча қулайлик яратиб, тадбиркорларнинг вақти ва ресурсларини тежашга хизмат қилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда валюта операциялари бўйича қоидаларга ўзгартиришлар киритилгани ҳақида хабар берган эдик.
